Ўзини ўзи банд қилганлар рўйхати кенгаяди, энди «коробка» уйлар учун ҳам субсидия берилади, шифокорлар етишмаган ҳудудларда талабалар ишга олинади, кўп квартирали уйлардаги умумий майдонга қўшимча объект қуриш тақиқланади, ёшларга компьютер хариди учун кредит берилади — 1 ноябрдан нималар ўзгаради?

1. Ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланадиган фаолият турлари кенгайтирилади

Президентнинг 2022 йил 30 августдаги [ПҚ-366-сон] қарори билан яна 10 та фаолият тури ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади.

Янги йўналишлар:

  • Уй ҳайвонлари (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар) бозорларида воситачилик хизмати;
  • Автомобиль бозорларида воситачилик хизмати;
  • Риэлторлик хизматини кўрсатиш (ижарага уй топиб бериш, уй сотиб олиш ва сотишга кўмаклашиш);
  • Уйда сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва сотиш хизмати;
  • Маиший буюмларни ижарага бериш хизмати (стол-стул, идиш-товоқ, асбоб-ускуна ва бошқалар);
  • Гипс ва ганчдан буюмлар ясаш (уй жиҳозлари, эртак қаҳрамонлари ҳайкалларини ясаш);
  • Тош ва тош маҳсулотларидан ёдгорлик, сувенир ва декоратив буюмлар тайёрлаш;
  • Ёғоч маҳсулотларидан сават, нон маҳсулотлари учун махсус идиш ва бошқа буюмларни тўқиш;
  • Уй шароитида пилла етиштириш, шахсий томорқа ер участкасида тут меваси, ниҳоли ва кўчатини етиштириш, уйда ипак мато, ипак гилам тўқиш ва сотиш;
  • Кулолчилик.

2. «Коробка» ҳолатидаги уй-жойлар учун субсидия ажратила бошланади

Президентнинг 2022 йил 22 сентябрдаги [ПҚ-377-сон] қарори асосида хусусий пудрат ташкилотлари томонидан тайёр ҳолда топшириш шартисиз қурилган уйлардаги квартираларни (хоналарга бўлинган ва пардоз ишларига тайёр) бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишга ҳамда улар бўйича ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия тўлашга рухсат берилади.


3. Шифокорларга эҳтиёж мавжуд ҳудудларда талабалар ишга олинади

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 октябрдаги [561-сон] қарорига мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳокимликлар билан биргаликда шифокорларга бўлган эҳтиёжни аниқлаган ҳолда республиканинг барча ҳудудларида мавжуд вакант лавозимларга талабалар, магистр ва клиник ординаторларни ишга жойлаштириш чораларини кўради.


4. Никоҳ тузиш учун аризалар эксперимент тариқасида ДХМ орқали қабул қилинади

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги [540-сон] қарорига кўра, никоҳ тузиш ва никоҳдан ажратишни қайд этиш учун аризаларни Сирдарё вилоятидаги туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилади.


5. Ягона ахборот тизимида рўйхатга киритмаган ҳолда тадбиркорларни текшириш ноқонуний ҳисобланади

Президентнинг 2022 йил 13 сентябрдаги [ПҚ-374-сон] қарори билан назорат қилувчи органлар томонидан 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб:

  • тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олинади. Бунда, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида мазкур тизимда рўйхатга олинмаган текширувларни ўтказиш ноқонуний ҳисобланади;
  • тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувларнинг натижалари ҳамда профилактика тадбирлари тўғрисида маълумот текширув ёки профилактика тадбирлари тугаган кундан бошлаб уч кун муддатда «Ягона давлат назорати» ахборот тизимига киритилади.

6. Тадбиркорларнинг экспорт салоҳияти кенгайтирилади

Президентнинг 2022 йил 30 сентябрдаги [ПФ-228-сон] фармони асосида бир экспорт шартномаси доирасида келиб тушмаган валюта суммаси экспортга юкланган жами маҳсулот нархининг 5 фоизидан ошмаган тақдирда муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳисобланмайди ва тадбиркорга нисбатан жарима қўлланилмайди.


7. Ёшларга компьютер хариди учун 7,5 млн сўмгача истеъмол кредити берилади

Президентнинг 2022 йил 12 августдаги [ПҚ-350-сон] қарорига мувофиқ, IT-парк резиденти бўлган ташкилотларнинг ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олаётган иштирокчи сертификатини олган ёки ушбу ўқув курсларини сўнгги 6 ойда муваффақиятли тамомлаган ёшларга компьютер харид қилиш учун БҲМнинг 25 бараваригача (7,5 млн сўмгача) истеъмол кредитлари ажратилади.


8. Ҳайдовчиларга бериладиган тиббий маълумотларнинг электрон базаси шакллантирилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 июлдаги [393-сон] қарорига кўра, ҳайдовчи ва ҳайдовчиликка номзодларнинг автомототранспорт воситасини бошқаришга яроқлилиги тўғрисидаги тиббий маълумотларнинг ягона электрон базасини шакллантирилади ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг автоматлаштирилган Ягона ахборот тизимига интеграция қилинади.


9. Томорқа ер эгаларини касаначилик билан банд қилган тадбиркорларга субсидия берилади

Президентнинг 2022 йил 30 августдаги [ПҚ-366-сон] қарори билан томорқа ер участкалари эгаларини кооперация ва касаначилик асосида иш билан банд қилган тадбиркорларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан БҲМнинг 20 бараваригача (6 млн сўмгача) миқдорда ҳоким ёрдамчилари тавсиясига асосан субсидия ажратилади.


10. Кўп квартирали уйларнинг умумий мулки ҳудудида қўшимча объект қуриш тақиқланади

Президентнинг 2022 йил 4 августдаги [ПҚ-346-сон] қарори асосида қурилиш-монтаж ишлари (реконструкцияси) тугалланган кўп квартирали уйлардан фойдаланиш учун рухсатнома берилганидан сўнг лойиҳа ҳужжатлари, кадастр паспорти ва мазкур рухсатномага умумий мол-мулкни ёки туташ ер участкасини камайтириш ва туташ ер участкасида қўшимча кўп квартирали уй ёки умумий мол-мулк бўлмаган объект қуриш учун ўзгартириш киритиш тақиқланади


11. Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини иш билан таъминлашга кўмаклашилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги [590-сон] қарорига мувофиқ, Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларнинг меҳнатга лаёқатли ва ишсиз бўлган оила аъзоларини ўзини ўзи банд қилиш ҳамда бўш (вакант) иш ўринларига ишга жойлаштиришда амалий ёрдам кўрсатади.

от Admin