Журналист Азиза Қурбонова Учтепада газ босими пастлигини танқид қилгач, пост остида туман ҳокимлиги номидан қўпол изоҳлар қолдиришгани ҳақида ёзгандик. Шундан сўнг, туман ҳокимлиги баёнот бериб, матбуот котиби Тўрабек Тўраев «ҳис ҳаяжонга берилиб ёзган фикрлари» учун огоҳлантирилганини маълум қилди.
Якшанба куни Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишлар ортидан «Ўзбекистон24» телеканали журналисти, блогер Азиза Қурбонова газ босимининг кучи ҳаттоки чой дамлашга ҳам етмаётганини танқид қилганди.
Унинг Facebook`даги мазкур пости остида Учтепа туман ҳокимлигининг расмий саҳифаси номидан ҳокимнинг матбуот котиби Тўрабек Тўраев билдирган изоҳлар кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.
«Ҳокимлик аккаунтидан ёзилган бундай гапларни ўқиш жуда кулгили бўларкан», — деб изоҳ қолдирган Жамшид Ниёзов исмли фойдаланувчилардан бири.
Учтепа туман ҳокимлиги номидан ёзилган сўзлар ижтимоий тармоқларда кўплаб эътирозларга сабаб бўлганидан сўнг, ҳокимлик муносабат билдирди. Унда айтилишича, ҳокимликнинг Ташкилий кадрлар гуруҳи томонидан ҳолат бўйича ўрганиш ўтказилди.
«Ҳақиқатдан ҳам туман ҳокимлигининг расмий саҳифаси орқали ҳокимлик матбуот котиби (Тўрабек Тўраев) томонидан ҳис-ҳаяжонга берилиб, ёзган фикрлари танқид қилинди. Туман ҳокимлиги матбуот котибининг соҳага қўшган ҳиссаси ва тумандаги бўлаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни тезкорлик билан ёритиши ва бир неча республика ва ҳалқаро танловларда эътироф этилгани, қолаверса бундай эътирозли ҳолатларга муқаддам йўл қўйилмаганлиги ва кўп йиллик тажрибаси инобатга олиниб, туман ҳокими томонидан унга огоҳлантириш берилганлигини маълум қиламиз», — дейилади баёнотда.
Эътиборли жиҳати, туман ҳокимлигининг Telegram`даги расмий саҳифасида аввалига матбуот котибига «огоҳлантириш интизомий жазо чораси берилганлиги» маълум қилинганди, орадан кўп ўтмай хабар таҳрирланган ва шунчаки «огоҳлантириш» сўзлари қолдирилган.
Ҳокимлик матбуот котибининг бундан кейинги фаолиятида туман ҳокимлиги номидан билдираётган фикрларида журналистик этикасига риоя этиши тушунтирилгани қўшимча қилинган.
Шунингдек, журналист Азиза Қурбонова икки кунлик музокарадардан сўнг газ босими яхшилангани ҳақида пост ёзди: