Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистон тараққиётда республикадан 30-40 йил олдинда эканини айтди. Бу ҳақда Спутник хабар берди.
Жапаровнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон томоннинг «боши яхши ишлайди».
«Шунинг учун Ўзбекистон биздан 30-40 йил олдинда. Биз эса ҳали ҳам бақиришда (митинг қилишда) давом этмоқдамиз. Мен самолётлар, вертолётлар ҳақида гапирмаяпман, 30 йил ичида биз ҳатто гугурт ишлаб чиқарадиган завод ҳам қурмадик», — деди Садир Жапаров.
Президент нутқи Қирғизистон парламенти ўзбек-қирғиз чегарасининг алоҳида участкаларини белгилаш ҳамда Кампиробод сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги келишувни ратификация қилиш фонида янграган. Парламентда депутатларнинг 64 нафари Ўзбекистон билан чегара тўғрисидаги келишувни ратификация қилишни ёқлаб, 19 нафари унга қарши овоз берган. Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев депутатларни келишувни қўллаб-қувватлашга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, 14-нойбар куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг баҳсли ер масалаларига аниқлик киритилганини айтганди. Бош вазир Қирғизистон ‘Ғовасой’ дарёсининг оқимига тўсқинлик қилмаслик ва сувини ифлослантирмаслик мажбуриятини олганини қайд этган. Бундан ташқари, Қирғизистон ҳудудида жойлашган, Ўзбекистоннинг эксклав ҳудуди бўлган Сўх тумани аҳолисининг чегарадан ўтиб-қайтишида янада енгиллик яратиш бўйича икки давлат ҳукуматлари ўзаро келишувга эришилгани маълум қилинган.
Шунингдек, Бош вазир янги чегара чизиқларини белгилашда Ўзбекистон чегара чизиғидан 130 та хонадонни кўчириш назарда тутаётганини айтганди. Қирғизистон—Ўзбекистон чегараси бўйича келишув Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ратификация қилинган. Энди ҳужжат Сенат томонидан маъқулланиши керак. Икки давлат президентлари ҳужжатларни имзолаб, томонлар бир-бирини хабардор қилганидан сўнг келишув кучга киради.