Иш юритувимга келиб тушган даъво аризани ўрганар эканман, ҳужжатлар билан танишиш асносида анча муддат ундаги ҳолатларни тасаввуримга сиғдира олмадим, қалбим ларзага келди, юрагим титради.

Туман прокуратураси жавобгар Тоҳир Абдуллаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган)га нисбатан икки нафар фарзанди манфаатини кўзлаб, оталик хуқуқидан маҳрум этиш ҳақида даъво ариза киритган эди.

Туман прокуратураси аризачи Шаҳноза Абдуллаеванинг мурожаатини ўрганиши жараёнида аниқланишича, Ш. Абдуллаева жавобгар Т. Абдуллаев билан 2001 йилда оила қуриб, Ислом ва Комила исмли 2 нафар фарзандли бўлишган. Т. Абдуллаев 2006 йилда 2002 йилда туғилган Гулноза исмли фарзандини бош қисмига уриб, уни бўғиб ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказган. Оқибатда, суд томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилиб, бу қилмиши учун 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Маълум муддат ўтиб Т. Абдуллаевнинг жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Жиноятчи ота жазони ижро этиш муассасасидан  яшаш хонадонига қайтгач, турмуш ўртоғи Ш. Абдуллаева уни кечирган. У билан 2009 йилга қадар бирга яшаган. Бу вақтда эса бемеҳр ота ўз пушти камаридан бўлган, 2007 йилда туғилган фарзанди Комилага мунтазам шафқатсизлик қилиб келган. Шу туфайли аёл фарзандларини олиб, ота уйига кетиб қолган. Ота жойида яшаган она ҳеч қаерда ишламагани учун икки фарзанди билан тирикчиликдан қийналган. Чора излаб, судга фарзандлари моддий таъминоти учун алимент ундиришни сўраб мурожаат қилган. Суд қарорига асосан отадан икки бола таъминоти учун алимент ундириш бўйича  ҳал қилув қарори чиқарилган бўлса-да, у яхши томонга ўзгармади, бирон-бир фойдали иш билан шуғулланмасдан, алимент тўловларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган.

Ота фарзандларининг ҳаёти, соғлиғи, моддий таъминоти борасида, умуман, қайғурмагани, таълим-тарбияси билан асло қизиқмагани ҳамда бу борада кўмак бермагани, қонунга мувофиқ белгиланган алиментни тўламагани оқибатида жиноят ишлари бўйича туман судининг ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегиши моддаси билан айбли деб топилиб, 5 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилган.

Низолар, муросасизлик шу даражага етган эдики, оқибат ва одамийлик дарз кетиб, оталик меҳридан йироқ жавобгарга бу жазо кор қилмади. Алимент тўлашдан яна бўйин товлаган учун жиноят ишлари бўйича туман судининг ҳукмига кўра Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан айбли деб топилиб, такрор 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жавобгарнинг ҳозирда алиментдан бўлган қарздорлиги 77.306.876 сўмни ташкил этиши суд мажлисида иштирок этган мажбурий ижро бюроси ходимининг маълумотномаси билан ўз тасдиғини топди.

Иш ҳужжатларини ўрганар эканман, Т. Абдуллаевни 4 ёшли қизалоқни бўғиб ўлдиргани юрагимни ларзага солди. Ҳолатни кўз олдимга келтирмоқчи бўлдим ва бу қанчалар инсонни даҳшатга солиши мумкинлигини тасаввур қилдим. Қандай қилиб, қандай қилиб мурғак, ҳали дунёга нигоҳлари тўймаган, болаликнинг беғубор дамларини тортмаган гўдакни бўғиб ўлдириш мумкин? Мурғак қизалоқнинг типирчилаган қўллари, илтижо билан боққан кўзлари, сўниб бораётган нигоҳларидаги илинж наҳот бағритош инсонни сескантирмаган, қалбини уйғотмаган бўлса?! Ахир бу болажон унинг ўз зурриёди, пушти камаридан дунёга келган мурғак қизалоқ эди-ку!

Мен суд мажлисида Т. Абдуллаевнинг кўзларида заррача афсус, надоматни кўрмадим. Аксинча, суд уни икки фарзандига нисбатан оталик хуқуқидан маҳрум этса, гўёки ўзини алимент тўловларидан ҳам озод бўлишини тўғри йўл деб ҳисобламоқда.

Суд даъвогар туман прокурорини Ш. Абдуллаева манфаатини кўзлаб, келтирган даъвосини асосли деб топиб, жавобгар Т. Абдуллаевни икки нафар фарзандга нисбатан оталик хуқуқидан маҳрум этиш лозим деган хулосага келди. Т. Абдуллаев суд қароридан рози эканлигини, фарзандларга нисбатан оталик ҳуқуқидан махрум этилишига эътирози йўқлигини маълум қилди.

Фарзанд – тенгсиз, олий ва энг ширин неъмат. Яратганнинг бандасига инъоми. Қанча-қанча оилалар фарзандсизлик оқибатида барбод бўлади. Ҳаётда ҳамма нарсаси бадастир бўлса-да, айнан фарзанд йўқлиги инсонни ўйга толдиради. Авлод давомийлиги, оила мустаҳкамлиги шу жажжи фаришталарга боғлиқ эмасми? Истардимки, хар бир инсон ўз фарзандига меҳрибон, жонкуяр бўлсин. Ўзи ва ўзгалар ҳаётига қувонч бағишлаш буюк бахт эканини ҳис этиб яшасин.

Юқоридаги оғриқли, юракларни зирқиратадиган нохушлик барчани огоҳлик бонги бўлиб, бедорликка ундашини истардик.

Одам бўлиб келдикми, одам бўлиб яшамоқни унутишга ҳаққимиз йўқ!!!

Санобар ТЎРАБОЕВА,

фуқаролик ишлари бўйича

Учқўрғон туманлараро судининг судьяси

от Admin