Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсоллардир. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан Наманган вилояти суди томонидан Наманган ихтисослаштирилган маданият мактабида “Байроғимиз – фахримиз” мавзусида маънавий-маърифий ва маданий тадбир ўтказилди.
Ўзбекистоннинг давлат рамзлари: байроқ, герб ва мадҳия халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, ифтихор бағишлайди. Шу жиҳатдан, байроғимиз ёки гербимизга назар солганимизда ёки мадҳиямиз янграганда биз рухан жўшқинликни, азму шижоатимиз ошганини, қалбимизда фахр ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII сессиясида тасдиқланган. Юртимизда ҳар йили ушбу санани Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи қабул қилинган кун сифатида кенг нишонлаб келинади. Миллий байроғимиз давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналар пештоқида хилпираб турибди. Турли байрам тантаналарида, мамлакатимиз аъзолари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттирмоқда.
Тадбирда Наманган ихтисослаштирилган маданият мактаби ўқувчилари, уларнинг устоз-мураббийлари иштирок этдилар. Наманган вилояти суди, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Абдураҳмон Сафаев давлат рамзлари, хусусан, миллий байроғимиз ҳар биримиз учун мустақиллик, озодлик, куч-қудрат, жасорат ва тинчлик тимсоли бўлиб келганлигини алоҳида таъкидлади. Дарҳақиқат, байроқда акс этган ҳар бир ранг, белги юртимизнинг бой тарихи, миллий давлатчилигимиз, бебаҳо қадриятларимизни, Ватанимизнинг буюк келажаги ва маданий анъаналарини ўзида ифода этади. Тадбирда ўқувчилар давлатимиз байроғи ва унинг ёшлар ҳаётида тутган ўрни ҳақидаги тассаввурларини янада бойитдилар. Ўзбекистон байроғи тинч ва осойишта, фаровон ҳаёт, ёруғ келажакка бўлган ишончимиз тимсолидир. У ҳамиша бизга юрт манфаати ҳар нарсадан устун эканлигини англатиб, ҳар биримизни янада юксак чўққиларни забт этишга чорлайди. Тадбир якунида ўқувчилар томонидан Ватан, тинчлик, дўстликни улуғловчи шеър ва қўшиқлар ижро этилди. Албатта, бундай учрашув-мулоқотлар ёшлар қалбида давлатимиз рамзларига бўлган ҳурмат туйғусини шакллантириш, халқимизнинг миллий-маданий анъаналари ва қадриятларини сингдиришда муҳим аҳамиятга эга.
Умида Солиева,
Наманган вилояти судининг
фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси