Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги 22, 39-сонли боғчада болалар заҳарлангани бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Омбудсман матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, сентябрнинг ўрталарида Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 22, 39-сонли ва Марғилон шаҳридаги 16, 24-сонли МТМда тарбияланувчи болаларнинг овқатдан зарарлангани ҳолатини бола ҳуқуқлари бўйича вакил жойига чиқиб ўрганган.
Мазкур ҳолат юзасидан таҳлилий маълумот тайёрланиб, юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тавсиялар ишлаб чиқилган ва тегишли давлат идораларига, хусусан, Бош прокуратурага юборилган. Фарғона вилоят прокуратурасининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар асосида Марғилон шаҳри ва Олтиариқ туман прокуратураси томонидан терговолди текширув ҳаракатлари ўтказилган.
Хусусан, Марғилон шаҳридаги 16 ва 24-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларида 18 нафар тарбияланувчининг озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланганлик ҳолати юзасидан тўпланган ҳужжатлар ўрганилиб, мазкур ҳолатда бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд бўлмаган, деган сабаб билан 18 октябрь куни шаҳар прокуратураси терговчиси томонидан жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Бироқ мазкур қарор иши ҳужжатлари бўйича тўлиқ текширув ҳаракатлари олиб борилмасдан, барвақт қабул қилинганлиги аниқланиб, 26 октябрь куни жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарор бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текшириш ҳаракатларини олиб бориш учун туман ИИБ ТБга юборилган.
22 ҳамда 39-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида тўпланган ҳужжатлар асосида ўтказилган суд-тиббий экспертизасининг хулосаларига кўра, 45 нафар тарбияланувчи озиқ-овқат ва сут маҳсулотидан енгил даражали ўткир заҳарланиши, бу белги енгил шикастлар тоифасига кириши аниқланган.
Юқоридагиларга кўра, тумандаги 22 ҳамда 39-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида санитарияга оид қонунчиликнинг бузилиши одамларнинг оммавий касалланиши ва заҳарланишига олиб келганлиги сабабли 14 октябрь куни Олтиариқ туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда мазкур жиноят иши юзасидан Олтиариқ тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.