Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Янги Андижон шаҳридаги қурилиш ишлари билан танишиш чоғида қурувчиларни ногиронлар аравачасига ўтирғизиб ишининг сифатини текширди. «Битта ногиронни ҳеч қайсинг уйингга олиб киролмайсан. Қилаётган ишимиз бир тийин бўлмайдими?», — деди Шуҳрат Абдураҳмонов.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Янги Андижон шаҳридаги қурилиш ишлари билан танишиш чоғида қурувчиларни ногиронлар аравачасига ўтирғизиб ишининг сифатини текширди. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабар қилди.
Ҳоким каналида эълон қилинган видеоларда кўринишича, вилоят раҳбари қурувчилардан ўзлари қурган йўлаклар бўйлаб ногиронлар аравачасида ҳаракатланиб кўришни ва шу тариқа иш сифатини кўришини сўраган. Бир неча киши аравачага ўтириб, унда ҳаракатланишга уринган ва ноқулайликларга дуч келган. Қурилиш ишларидаги камчиликлар сабаб улардан ҳеч бири кўп қаватли уйга ҳам кира олмаган.
«Ҳозир битта ногиронни ҳеч қайсинг уйингга олиб киролмайсан. Очиқ гаплашайлик. Сиз соғсиз, тасаввур қилинг, ногирон одам бўлса, нима қиларди? Боланг, ота-онанг, қариндошинг бўлиши мумкин, бечоралар нима қилади? Ҳамманг қурдим-қурдим деб кетяпсизлар, ҳаммаси яхши деяпсизлар. Ногиронлар ҳам инсон, инсон қадри деганда уларни ҳам инобатга олиш керак. Янги Андижон шаҳрида шуни инобатга олмасак, ҳамма қилаётган ишимиз бир тийин бўлмайдими? Ҳеч қанча юрганинг йўқ, уйнинг ичига ҳали киролмадинг ҳам, кирадиган йўл ҳам йўқ», — деди Шуҳрат Абдураҳмонов.
Ҳоким қурувчилардан кейинги қурилиш биноларида қуёш панел, сенсорли лампочка, иситиладиган ҳожатхона, ногиронга шароит бўлишини таъкидлади.