UzAuto Motors компанияси Chevrolet Cobalt автомобилининг янгиланган прототипини Ўзбекистонга олиб келди. Ушбу версия 2024 йилдан ишлаб чиқарилиши мумкин.
UzAuto Motors манбаси General Motors билан моделни локализация қилиш бўйича музокаралар ўтказмоқда ва Бразилиядан синовдан ўтказиш учун автомобиль прототипини олиб келган.
Ишлаб чиқариш муддати маълум қилингани йўқ, бироқ 2024 йил бошидан йўлга қўйилиши мумкин. Бу ҳақда UzAuto Motors акцияларининг бирламчи оммавий таклифи (IPO) андеррайтери ҳисобланган Freedom Broker компанияси сайтида сўз боради.
Компания моделлари ҳақидаги бўлимнинг Cobalt моделига тегишли қисмида Next generation (янги авлоди) ёзувини кўриш мумкин.
Дастлаб, янги Cobalt автомобилини 2019 йилдан бошлаб чиқарилиши режалаштирилган эди. Бироқ «Ўзавтосаноат» раисининг биринчи ўринбосари Азизбек Шукуров компания General Motors билан ҳамкорликнинг янги концепциясига ўтаётгани, унга кўра ишлаб чиқарувчи автомобиллар қаторини Америка корпорацияси билан бир қаторда янгилашини айтганди.
«Янги Cobalt унчалик янги эмас. Бразилиядаги GM компаниясининг ўзида бу лойиҳа 2016 йилда амалга оширилган, шу (2019 — таҳр.) йил охирида Cobalt [ишлаб чиқаришдан] олиб ташланади. Биз эски моделларнинг ортидан чопишдан фойда йўқлигини ҳис қилдик. Ўзбекистонда янги Cobalt чиқариш режалари бекор қилинди», — дея тушунтирганди у.
Cobalt ихчам буджетли седан бўлиб, Ўзбекистонда 2012 йилдан ишлаб чиқарилган, моделнинг ташқи кўриниши ўшандан бери ўзгармаган.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг 10 ойи давомида UzAuto Motors томонидан 263 488 дона — 85 892 дона ёки 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 48,3 фоизга кўп автомобиль ишлаб чиқарилган. Улардан Cobalt умумий ишлаб чиқаришнинг деярли учдан бир қисмини — 81311 тани ташкил этди. Йил охиригача компания 100 минг дона Cobalt ишлаб чиқариши кутилмоқда, бу эса энг массив моделга айланади. Ушбу модел Қозоғистон бозорида ҳам етакчи ҳисобланади.