Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида профилактика инспектори табел қуроли билан ўз бошини жароҳатлади, деб хабар бермоқда вилоят ИИБ матбуот хизмати.
Маълум бўлишича, Тошлоқ тумани ИИБ профилактика инспектори катта лейтенант А.У. 5 декабрда тунги хизматдан чиқиб, туман ИИБда ўтказилган эрталабки йўриқномага келмаган ҳамда у билан боғланишнинг имкони бўлмаган.
Ўтказилган суриштирув ишлари давомида катта лейтенант А.У. яшаш хонадонидан тахминан 3 километр узоқликдаги Бесаранг қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи Катта Фарғона канали ёқасидаги йўлнинг четида, ўзига тегишли бўлган Spark автомобилида ўзига бириктирилган ПМ табел қуроли билан бош қисмидан жароҳатланган, кома ҳолатда топилган ва зудлик билан тиббий муассасага жойлаштирилган.
Аниқланишича, ходим, ижтимоий тармоқларнинг «1Xbet» иловасидан фойдаланиб, 2022 йилнинг августида 45 миллион сўм ютқазгани учун қарздорлик муаммоси ҳал этилиб, интизомий тартибда жазоланган ҳамда вилоят ИИБ қошидаги Интизомий кенгаш назоратида бўлган.
Ҳозирда ҳолат вилоят прокуратура органлари томонидан ўрганилмоқда.
Маълумот учун, Республика кесимида қимор ўйинлари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони 2019 йилда 1 454 та ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг 6 ойида 2 325 тага етган. Ушбу ўйинларни ташкил этиш билан боғлиқ жиноятлар 2019 йилда 55 та бўлса, 2022 йилнинг 6 ойида 90 тадан ошган.