UzAuto Motors компанияси Cobalt ва Lacetti автомобиллари учун шартнома тузишни тўхтатди. Шундай қилиб, харидорлар учун ҳамёнбоп моделлардан фақат Onix қолди.
Ўзбекистонда Cobalt ва Lacetti автмобилларини харид қилиш учун шартномалар бериш тўхтатилди.
Бундан ташқари, автоишлаб чиқарувчининг UzAutoSavdo Telegram-ботида Lacetti ва Cobalt ҳақидаги ахборотлар йўқолган. Декабрь ойи бошида ушбу моделлар учун навбатлар сони ўн минглаб кишини ташкил этган эди.
Маълум қилинишича, контрактация 8 декабрда тўхтатилган. Аризаларни қабул қилиш қачон бошланиши ҳозирча ошкор қилингани йўқ.
Айни пайтда UzAuto Motors компаниясининг ҳамёнбоп автомобилларидан фақат Onix қолган бўлиб, унинг учун 11,7 мингдан зиёд кишилик навбат пайдо бўлган.
Аввалроқ тармоқларда омборларда юзлаб тайёр Chevrolet автомобиллари, жумладан Lacetti (Gentra) турган лавҳалар пайдо бўлган эди. Компания бунга зарур эҳтиёт қисмлари келишини кутаётган тайёр бўлмаган автомобиллар дея изоҳ берди. Жумладан, уларга ишлаб чиқариш ҳажми кескин ортиб кетгани сабабли айрим электрон эҳтиёт қисмлар ўрнатилмаган.
Йил бошида автоконцерн ишлаб чиқариш ҳажмини ўтган йилга нисбатан 21 фоизга — 280 мингта автомобилга оширишни режалаштирган эди. Бироқ талаб ошгани сабабли режа 340 мингта машинага оширилди.
Эълон қилинган баёнотга кўра, UzAuto Motors йил бошидан буён 290 мингта автомобилни конвейердан чиқарган. Бу тақчиллик кузатилаётган микрочиплар ўрнатиладиган айрим эҳтиёт қисмларнинг вақтинчалик тугаб қолишига олиб келган.
UzAuto Motors августда 2022 йил охирига қадар Chevrolet Spark ва Nexia автомобилларини ишлаб чиқаришни тўхтатиши ҳақида хабар берган эди. Улар ўрнини Chevrolet Tracker ва Onix эгаллайди.