Самарқанд шаҳри, Оқдарё, Тойлоқ, Жомбой ва Самарқанд туманларидаги айрим мактаб ўқувчилари қишки таътилдан эртароқ қайтади. Улар сентябрда ўтказилган ШҲТ саммити сабабли қолдирган дарслар ўрнини қишки таътил кунларининг охирги 5 куни ҳисобидан тўлдиради.
Сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган ШҲТ саммити сабабли навбатдан ташқари таътил берилган мактаб ўқувчилари қишки таътилдан бошқа жойлардагига нисбатан эртароқ қайтади, дея хабар бермоқда вилоят халқ таълим бошқармаси.
Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгашининг қарорига кўра, Самарқанд шаҳридаги умумий ўрта таълим муассасаларига, шунингдек, Оқдарё, Тойлоқ, Самарқанд туманларининг маҳаллий кенгашлари қарорлари ва Жомбой туман ҳокимлигининг тегишли фармойишига асосан Самарқанд туманидаги 3 та (7-,23-,53-), Тойлоқ туманидаги 5 та (11-,12-,15-,17-,59-), Оқдарё туманидаги 5 та (25-,38-,39-,41-,48-), Жомбой туманидаги 6 та (5-,6-,8-,22-,20- ва 44-) умумтаълим мактабларига 5−19 сентябрь кунлари навбатдан ташқари таътил берилган.
Қарорларда қолдирилган дарс соатлари ўқув йили давомида бериладиган таътиллар ҳисобига қопланиши белгиланган. Шунга кўра, муассасаларда 5, 6, 7 ва 8 сентябрь кунлари қолдирилган дарслар кузги таътилнинг 4, 5, 7 ва 8 ноябрь ҳисобидан тўлдирилган.
Шунингдек, 9, 10, 12, 13, 14 сентябрь кунлари қолдирилган дарслар ўрни қишки таътил кунларининг охирги 5 куни ҳисобидан, (5, 6, 7, 9, 10 январь кунлари) жами 5 ўқиш куни ҳисобидан тўлдирилади.
Бундан ташқари, 15, 16,17 сентябрь кунлари қолдирилган дарс машғулотлари ўрни эса 2023 йил баҳорги таътилнинг охирги 3 ўқиш куни ҳисобидан қопланади.