Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги хонадонда эр-хотин ис газидан вафот этди.
Учкўприк тумани ИИБ навбатчилик қисмидан 21 декабрь куни соат 08:30 ларда берилган хабарга кўра, туманнинг, «Чорбоғ» МФЙ, Юксалиш кўчасидаги уйда яшаган 1977 йилда туғилган Ш.Э. ва 1995 йилда туғилган турмуш ўртоғи К.Э. яшаш хонадонида ис газидан заҳарланиб, ҳодиса жойида вафот этган.
Кўздан кечириш давомида яшаш хонадонининг ёнма-ён жойлашган ётоқхонаси ва ювиниш хонасига қўлбола усулда ясалган, темирдан ишланган печка ўрнатилгани, печка шланг орқали пропан газ балонига уланиб, иситиш учун мослангани, ҳодиса содир бўлган куни хонадонда газ тўлиқ ёнмасдан, ис гази ажралиб чиққани аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 4 декабрь куни Тошкент вилоятида эр-хотин ва уларнинг уч ойлик чақалоғи, 8 декабрь куни Хоразмда 1958 йилда туғилган фуқаро ва унинг 13 ёшли невараси ис газидан вафот этганди. Намангандаги хонадонда қўлбола печ сабаб ёнғин юз бериб, икки киши — бири 65 фоиз, иккинчиси 95 фоиз куйиш жароҳати олганди. 10 декабрь куни Қашқадарёда қайнона, келин ва набира ис газидан вафот этди, унинг эртасига бир оиланинг уч нафар фарзанди ис газидан заҳарланди. Улардан бири вафот этди, қолган икки нафари комага тушди. 14 декабрь куни Қорақалпоғистонда тўрт нафар фуқаро ис газидан заҳарланди.