Ўзбекистонда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари реализация қилишдаги ёш чегараси амалдаги қонунга нисбатан бир ёшга узайтирилиб, 21 ёш этиб белгиланиши мумкин. Бу бўйича қонун лойиҳаси Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисига кўриб чиқиш учун киритилади.
Жорий йилнинг 19 декабрь куни бўлиб ўтган Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлисида навбатдаги ялпи мажлисга киритилаётган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.
Хусусан, қўмита томонидан ялпи мажлис кун тартибига «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида» қонун киритилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Қонун билан алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилиш ва ушбу шахслар томонидан реализация қилиниши, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш жараёнига ушбу шахсларни жалб этиш тақиқланмоқда. Ушбу ёш чегараси амалдаги қонунга нисбатан бир ёшга узайтирилмоқда.
Мажлис сўнггида масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун жорий йилнинг июнь ойида Сенатнинг 27-ялпи мажлисида «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонун рад этилганди. Сенатор Одилжон Иминов унинг асосий тушунчаларини ойдинлаштириш зарурлигини, зиддиятли нормалар мавжудлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти чуқур ўрганилмаганини таъкидлаганди.
Сенат февраль ойида Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил охирида қабул қилинган «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонунни дастлабки тарзда муҳокама қилди. У 2011 йилда қабул қилинган амалдаги қонун ва «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида»ги қонун ўрнини эгаллаши керак.