Тошкент шаҳридаги 220 дан ортиқ автобусларни жорий ва капитал таъмирлаш учун 5 млрд сўм ажратилди. Маълум бўлишича, 175 та автобус кейинги фаолиятга яроқсиз деб топилган ва улар ҳисобдан чиқарилади.
Президент 13 декабрь куни пойтахт жамоат транспорти тизимини танқид қилганидан сўнг «Тошшаҳартрансхизмат» корхонасига 227 та автобусни таъмирлаш учун 5 млрд сўм ажратилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бошқарув раиси ўринбосари, бош муҳандис Абдужамил Азизов маълум қилди.
Унга кўра, «SamAuto Samarqand» автомобиль заводи пойтахт дилерлик корхоналари билан 70 та автобусни капитал таъмирлаш бўйича келишиб олган. Бу йил охиригача якунланиши керак. Ҳозир 157 та автомобиль жорий таъмирдан ўтказилмоқда. Улардан 45 таси якшанба куни таъмирланган.
«Тошшаҳартрансхизмат» бошқаруви раиси, Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраевнинг таъкидлашича, автобусларнинг таъмирланиши транспорт, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимлари шунингдек, миллий гвардиядан иборат идоралараро штаб мутахассислари томонидан назорат қилинади. Учта автобус саройи Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияга, иккитаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига бириктирилади.
Ҳар бир иш тури учун — шиналарни ювиш ва алмаштиришдан тортиб, таъмирлашгача бўлган аниқ қоидалар ишлаб чиқилади. Бу ҳам техник ходимларнинг ҳаракатини назорат қилиш, ҳам ишни тезлаштириш имконини беради, деди Анвар Жўраев.
Абдужамил Азизовнинг таъкидлашича, идоралараро штаб мутахассислари ҳаракатланувчи таркибнинг техник ҳолатини текширган. Маълум бўлишича, 175 та автобус кейинги фаолиятга яроқсиз деб топилган ва улар ҳисобдан чиқарилади.
«Ҳисобдан чиқаришнинг икки хил тури мавжуд: ёки металлоломга топшириш, ёки сотиш. Mercedes`ни сота олмаймиз, чунки улар кунига тахминан 120−130 литр дизель ёқилғиси сарфлайди. Ҳеч ким уларни сотиб олмайди. Isuzu эса сотилиши мумкин, чунки капитал таъмирдан кейин улар чекка ҳудудларда ёки юк машинаси сифатида фойдаланиш учун фойдали бўлиши мумкин, чунки уларда юк машинаси ўлчами бор», деди у.