Жорий йилнинг 20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига навбатдаги Мурожаатнома йўлланиб, унда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни давом эттирилиши заруриятига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, учинчи йўналиш сифатида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозим эканлиги қайд этилди.
Президентимиз ўз чиқишида одил судловни таъминлаш бўйича ҳали амалга оширилиши лозим бўлган ишлар мавжудлиги, жумладан, терговни сифати пастлиги, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолаётгани, давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни электрон танлаш тизими ишга тушмаганлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари маъмурий судлар фаолияти ҳақида сўз юритиб, уларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинган тақдирда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиётини жорий қилиниши ҳамда мамлакатимизда мулк ва инвестициянинг ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида “Халқаро тижорат суди”ни ташкил қилиш бўйича ҳам амалий ишлар бошланганлиги таъкидлаб ўтди.
Бундан ташқари, суд ҳужжатлари ижро этилишини таъминлашга қаратилган таъсирчан механизмларни жорий этиш, инсонпарварлик тамойиллари асосида қонунчиликни такомиллаштириш сиёсатини давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Мурожаатномада Президентимиз томонидан яна бир муҳим масала судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилиши, улар махсус ўқитилиши, ишни судда кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланиши, одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиши бўйича тўхталиб, келгусида судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга қабул қилиниши, айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий қилинишига эътибор қаратдилар.
Давлатимиз раҳбари томонидан мурожаатномада суд-ҳуқуқ соҳаси бўйича қайд этиб ўтилган ҳар бир йўналишдаги ишларни амалга оширилиши юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини янада ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш ҳамда энг асосийси, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини янада кучайтиришга, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама ва тўлиқ текширилиб, далилларга холисона баҳо берилишига ва шу орқали ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ҳамда халқимизнинг судларга бўлган қатъий ишончини оширишга хизмат қилади.
Озодбек Зиявитдинов,
Наманган туманлараро маъмурий судининг раиси