2022 йил 20 декабрь куни барчамиз мамлакатимиз тарихидаги муҳим воқеа бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисига ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасини диққат билан тингладик.
Мурожаатномада ўз якунига етаётган йилнинг асосий кўрсаткичлари, эришилган ютуқлар ҳамда олдинга қўйилган мақсад ва вазифалар белгилаб олинди.
Хусусан, давлатимиз раҳбари мурожаатномада янги йилда олтита йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларга тўхталиб ўтди. Жумладан, учинчи йўналиш бўйича инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозимлигини таъкидлаб, суд ҳуқуқ соҳасида амалга оширилиши керак бўлган муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Президентимиз “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз кераклигини таъкидлагани ҳолда, суд ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотларга, эришилган натижаларга ва шу билан бирга соҳада амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди.
Сўнги йилларда олиб борилган ислоҳотлар натижасига кўра, маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, фуқаролар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасида маъмурий судлар ташкил этилиб, беш йилдирки маъмурий судлар фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келмоқда.
Муҳтарам Президентимиз янги ташкил топган маъмурий судлар фаолиятига ишонч билдириб, жорий йилнинг бошида маъмурий суднинг ваколатларини кенгайтиришга оид чораларни белгиловчи “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғриси”даги 107-сонли қарорни қабул қилинган эди.
Мазкур қарорда маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилиш ҳисобланиши таъкидланган ҳолда, маъмурий судларнинг ролини кучайтиришга қаратилган бир қатор тартибларни процессуал қонун ҳужжатларида белгилашни, жумладан:
маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга оширишни, бунда ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъекти далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратган ҳолда, маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш;
маъмурий суднинг судловига тааллуқли ишлар доирасини кенгайтириб, фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам билдириш ҳуқуқини бериш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш;
суднинг қарор ижросини муқаррарлигини таъминлаш, ижро институтини янада такомиллаштириш мақсадида маъмурий суднинг ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, суд жарималарини қўллаш, ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилмаганлиги учун дастлабки қўлланилган суд жаримасини ўсиб борувчи миқдорини қўллаш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Мурожаатномада ҳам маъмурий судлар фаолиятига яна бир бор тўхталиб ўтилиб, ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинган тақдирда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилиниши таклифи берилди. Шунингдек, Ўзбекистонда мулк ва инвестициянинг ҳимоячиси Конституция, қонун ва суд эканлиги яна бир бор эътироф этилди.
Бир сўз билан айтганда давлат раҳбарининг ўз халқига мурожаатнома йўллаши, мазкур мурожаатномада Ўзбекистоннинг истиқболи йўлида ва ислоҳотларнинг узвийлигини таъминловчи вазифаларни белгилаб бериши халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлашга қаратилган.
Фахриддин Мадрахимов,
Наманган вилоят маъмурий суди судьяси