Янги йил байрами яқинлашиши билан кўча-кўйда турли пиротехника воситаларининг ёқимсиз шовқини авж ола бошлайди. Қулоқни қоматга келтирадиган бу маҳсулотлар оқибатида эса турли кўнгилсизликлар, аянчли ҳолатлар ҳам кузатилиши бор гап. Мамлакатимизда пиротехника буюмларини қонунга ҳилоф равишда ишлаб чиқариш, республика ҳудудига олиб кириш, ташиш, сақлаш ва сотиш тақиқланган. Бироқ, шундай бўлишига қарамай айрим “уддабурон тадбиркорлар” бир-икки кунлик байрам бахона мўмай даромад орттиришни кўзлаб, пиротехника воситалари савдосига ўзларини урадилар. Жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судида ана шундай шахсларнинг қилмишларига қонуний чора кўрилди. Хусусан, 2003 йилда Чортоқ туманида туғилган Нодирбек Акмалов (исм-фамилиялар шартли) шу йилнинг 10 декабрь куни туманнинг “Ойқирон” маҳалласи ҳудудида 40 қутидан иборат пиротехника воситаларини сотиш мақсадида олиб кетаётганда миллий гвардия ходимлари томонидан қўлга олинган. Ёки яна бир ҳолатда 2001 йилда туғилган Акмалжон Салимов 2 турдаги чет давлатда ишлаб чиқарилган, ноқонуний тарзда мамлакатимиз ҳудудига олиб кирилган, кўп миқдордаги пиротехника воситаларини сақлаб келаётгани аниқланган.
Жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судида ўтказилган очиқ суд мажлисида юқоридаги ҳолатлар бўйича ҳуқуқбузарларнинг кўрсатмалари ва гувоҳларнинг сўзлари эшитилиб, пиротехника воситаларини сотиш ва сақлаш билан шуғулланган шахсларга нисбатан жарима жазоси тайинланди. Ашёвий далил сифатида олинган пиротехника воситалари эса йўқ қилинди.
Шу ўринда таъкидламоқчимизки, бир лаҳзалик кўнгилхушлик сабаб ёмон оқибатлар рўй бермасин. Янги йил байрами ҳар биримизнинг хонадонимизда байрамдек ўтсин.
Иброҳим Жаббаров,
жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судининг раиси