Сўнгги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.
Шу билан бирга “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш
суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2023 йил 16 январь куни ПФ–11-сонли “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Фармон билан 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди.
Стратегия доирасида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида қуйидагилар устувор вазифалари этиб белгиланди:
“Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш, судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш одил судловни таъминлашнинг вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Фармонга кўра, судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларини олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш чоралари белгиланади.
Қуйидагилар Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси этиб белгиланди:
Бош прокуратуранинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармалари;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларининг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўйича тегишли бўлим ва тармоқлари;
туман (шаҳар) прокурорларининг мазкур йўналишлар бўйича тегишли ўринбосари ва ёрдамчилари.
Олий Суд тизимида Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси негизида Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти ташкил этилади.
Шунингдек, 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимининг ахборот сиёсати концепцияси ишлаб чиқиш белгиланган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак фармон билан киритилаётган ўзгаришлар натижасида судьялар мақоми янада кучайтирилади ва инсон манфаатлари йўлида одил судлов сари муҳим қадам қўйилди. Ўйлаймизки, фармонда назарда тутилган янгиликларнинг амалиётга жорий этилиши билан судьялар мустақиллиги янада кучаяди. Одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ошади, пировардида, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, тадбиркорлик субъектлари ҳимояси янада мустаҳкамланади.
Зарипахон Курбонова,
Наманган вилоят маъмурий суди раиси