Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Янги Андижон массивидаги “Ипотека маркази”да муқобил энергетикани ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Қайд этилганидек, охирги беш йилда 14 та электр станцияси ишга туширилди ва йиллик электр ишлаб чиқариш қўшимча 16 миллиард киловатт соатга кўпайди.
Шунга қарамай, бу йил жуда совуқ келган қиш кунларида республикада 3,1 миллиард киловатт соат (водий вилоятларида 1,1 млрд кВт соат) электр етишмовчилиги юзага келди.
Андижонда – 384 миллион, Наманганда – 288 миллион, Фарғонада – 441 миллион киловатт соат.
Айрим кунлари аҳолининг электрга талаби бирданига 30 фоизга ошгани, кўплаб аварияларга ҳам сабаб бўлди.
–Нима учун масъул раҳбарлар ўз ҳудудида етишмовчиликни қоплаш, “яшил энергия”ни жорий қилиш, тежамкорлик ҳақида ўйламаган, – деди давлатимиз раҳбари. –Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш учун ҳар бир ҳудудда қуйидаги ишларни қилиш шарт ва зарур. Бунда мамлакатимиз шароитида энг тўғри ечим бу – қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш.
Бу ишларни қандай ташкил қилиш Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари мисолида кўриб чиқилмоқда.
Биринчидан йирик қуёш ва шамол станциялари лойиҳаларини тезлаштириш кераклиги айтилди.
Бу йил Поп ва Фарғона туманларида 600 Мегаваттли 2 та қуёш станцияси қурилади. Шунингдек, Янги Андижондаги 192 та кўп қаватли уй ва 6 та ижтимоий объектни кафолатли иссиқлик билан таъминлаш учун
20 Мегаватт қувватли кўмирда ишлайдиган когенерация лойиҳаси амалга оширилади.
Ушбу станция иссиқлик билан бирга йилига
80 млн кВт соат электр энергия ишлаб чиқаради. Унинг 1-босқичи жорий йил декабрда ишга тушади.
Иккинчидан, водий вилоятларида 160 Мегаваттли қуёш панеллари ва 100 та микро ГЭСлар қурилади.