Суд амалиётидан маълумки, ишни холисона кўришда, адолатни қарор топтиришда адвокатларнинг ўрни муҳим. Шундай экан, ҳимоячилар билан ваколат доирасида доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш суд жараёнида баъзан учрайдиган тушунарсиз ҳолатларнинг олдини олади.
Айни жиҳатдан, Наманган вилоят судининг раиси Алишер Усманов вилоятда фаолият юритаётган адвокатлар билан учрашиб, очиқ мулоқот ўтказди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг Услубий маслаҳат кенгаши раиси, “Адвокат” журнали таҳрир ҳайъати раҳбари Баҳром Саломов, мазкур журналнинг бош муҳаррири Ойбек Мўминов, Адвокатлар палатаси Наманган вилоят худудий бошқармаси бошлиғи Баҳодир Каримов ҳамда вилоятда фаолият кўрсатаётган 150 га яқин адвокатлар иштирок этдилар.
Мулоқотда суд тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, соҳавий тартиб-таомиллар ва қонунчиликдаги ўзгаришларни аҳолига тўғри етказишда адвокатларнинг ўрни муҳим эканлиги таъкидланди. Ана шулардан келиб чиқиб, суд жараёнларида учраб турувчи айрим муаммоли ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Бу борада адвокатлар дуч келаётган ва ўз навбатида одил судловни таъминлашга тўсиқ бўлаётган камчиликлар ҳам рўй-рост ўртага ташланди.
Наманган вилоят судининг раиси Алишер Усманов суд амалиётида адвокатлар билан юзага келаётган ана шундай муаммоларга алоҳида-алоҳида, атрофлича тўхталиб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан ишлар бошланганини айтиб ўтди. Хусусан, айрим суд биноларида адвокатлар учун шароитлар яратилмагани, суд мажлисларининг белгиланган вақтда бошланмаслиги оғриқли нуқта эканини таъкидлаб, уларнинг сабабларини тушунтириб ўтди ва бу борада аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинганини таъкидлади.
Шу билан бирга баъзида айрим адвокатларнинг ножўя ва ноқонуний хатти-ҳаракатлари судни обрўсизлантириш, фуқароларнинг судга бўлган ишончи йўқолишига сабаб бўлаётгани ҳам тилга олинди.
Очиқ, самимий, савол-жавобларга бой тарзда ўтган мулоқот якунида мана шундай учрашувларни тез-тез ўтказиб туришга келишиб олинди.