Бугунги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этар эканмиз, кўзлаган марраларимизга эришишимиз учун, биринчи навбатда, миллий ғоя масаласига эътиборни қаратмоқ лозим. Бу борада мамлакатимизда сўнгги йилларда қатор норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид асосий ҳужжатларга қўшилиши билан, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари босқичма-босқич миллий ҳуқуқий тизимга имплементация қилиб борилмоқда. Сўнгги 3 йил ичида фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга ошириш учун мустаҳкам қонунчилик базасини яратишга қаратилган 5000 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган “Янги Ўзбекистон” ғояси замирида ана шундай улуғ аждодларимиз, умуман олганда, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ҳам мужассам. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда яна бир муҳим Уйғониш жараёни кечмоқда. Шунинг учун “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” сўзлари ҳаётимизда ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб янграмоқда, халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантирмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланиб бормоқда. Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, “Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир”.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги маърузасини тинглаган давлатлар раҳбарлари, дунё жамоатчилиги Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ўзгаришларга ўз баҳосини берди. Бу эса, мамлакатда давлат, жамият ва фуқароларнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг тамойиллари ва қадриятларига эътиборини кучайтириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган самарали тадбирлар амалга оширилаётганидан далолатдир.
Мустақиллик йилларида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари ҳамда самарали механизмларини яратиш ва уларни доимий равишда такомиллаштириб бориш давлат сиёсатининг бош мақсадига айланди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари – олий қадриятга айланди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмини яратиш, инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ижро этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Миллий стратегияни тасдиқлашдан мақсад – мамлакатда турмуш даражаси ва фаровонликни оширишнинг муҳим ва зарурий шарти, давлатнинг жаҳон майдонидаги рақобатбардошлиги, унинг барқарор ривожланиши ҳамда демократик янгиланиши шарти сифатида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб олишдан иборат.
Ўзбекистонда давлат халқ иродасини ифодалайди, унинг манфаатларига хизмат қилади. Умуман жамиятда демократия қай даражада эканлигини белгиловчи камида 3 та мезон бор. Булар: халқ қарорлар қабул қилиш жараёнларидан қанчалик хабардорлиги; ҳукумат қарорлари халқ томонидан қанчалик назорат қилиниши; оддий фуқаролар давлатни бошқаришда қанчалик иштирок этишидир.
Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш ва ривожлантириш жамият аъзоларидан юксак онг ва маданият, уюшқоқлик ва сафарбарликни талаб қилади. Улар мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар заминида ҳар бир кишининг, ҳамма-ҳамманинг туб манфаатлари моддий-маънавий эҳтиёжларини қондириш, фаровон ҳаёт, авлодларнинг буюк келажаги ётганлигини чуқур ҳис этиш ва шахсий масъулликни сезиш, ушбу жараёнда ислоҳотларнинг бевосита иштирокчиси, яратувчиси эканликларини англаб етмоқлари даркор.
Хулоса қилиб шуни айтиш жоизки, инсон ҳуқуқлари ва демократия сингари умумбашарий қадриятлар республикамизнинг миллий давлатчилик манфаатларига тўла мос келади.
Нодиржон Хаджиматов,
Фарғона вилоят маъмурий судининг судьяси
Исломжон Марифжонов,
Фарғона вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси