– Интернетда бир жиноятни турлича аташларига гувоҳ бўламиз. Масалан, “Уятли суратини тарқатмаслик учун пластик картасига пул ўтказишни талаб қилган товламачи”, “Olx.uz эълонлар сайти орқали фуқаронинг пулларини ўзлаштирган фирибгар”, “Онлайн қиморбоз ҳамкасбининг банк картасидаги пулларини ўғирлади” сарлавҳаларга дуч келганда, бировни пластик картасидан пул ўмариш ҳаракатларини гоҳида фирибгарлик, гоҳида ўғрилик ёки товламачилик деб аталаётганини кўрамиз. Аслида бундай қилмиш товламачиликми, фирибгарликми ёки ўғриликми? Бу жиноятларни бир-биридан қандай фарқлаш мумкин?
– Товламачилик — жабрланувчини у ёки бу хатти-ҳаракатни амалага ошириш билан қўрқитиш, шантаж қилиш орқали мулкини беришга мажбурлашдир. Масалан, жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки нобуд қилиш, сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиш.
Фирибгарлик — ўзганинг мулкини ёки мулкга бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш.
Ўғрилик — ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш жинояти ҳисобланади.
Фирибгарликнинг ўғриликдан фарқи шундаки, фирибгарликда айбдор мулкни ўзганинг эгалигидан олиб қўймайди, балки жабрланувчининг ўзи мулкни беришига эришади.
Товламачиликдан фирибгарлик шу билан фарқланадики, товламачиликда жабрланувчи қўрқув таъсирида ҳаракат қилади, эрки синдирилган бўлади, фирибгарликда эса алдов натижасида жабрланувчининг эрки янглиштирилган бўлади.
Масалан, ўзганинг пластик картасидан пул ўзлаштиришни жиноятни содир этиш усулига кўра қуйидагича фарқлаш мумкин. Яъни:
-талон тарож яширин равишда содир этилса ўғрилик сифатида;
- шантаж ё қўрқитиш орқали жабрланувчини ўз мулкини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш йўли билан содир этилса, товламачилик сифатида;
- алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан амалга оширилса фирибгарлик.
Саволга Олий суд бош консультанти
Акром Арипов жавоб берди.
Манбаа: Hudud24