«Ҳамма ерда такрор ва такрор «мебелни эркак қилиши керак, гиламни эркак қилиши керак, эркак — эркак бўлиши керак», деб қайтаравериб, қайтаравериб натижага эришдик. Йигитлар Уй оляпти, ремонт қиляпти, парда, гилам, мебель, жиҳозлар билан тўлдиргунига қадар ёши ўттизга етяпти…
Бир ёмон иллатдан қутулиб, ундан баттар бошқа иллатга йўлиқдик. Биз орзу-ҳавасларимизни қайчилаш, жиловлаш ўрнига, дабдабани бир тарафдан, иккинчи тарафга юкладик. Уй-жой қиммат, иш йўқ, ижтимоий оғир ҳолатда яшайдиган, асосий халқи Россияда тирикчилик қиладиган одамлар учун жуда катта маблағ талаб қиладиган сарф-харажатни куёвга юкладик. Бечора куёвлар уй олиш учун беш йил, ремонти учун икки йил ишлар эди. Энди қўшимча яна беш йил ишлаяпти қандайдир латта-путта ва мебеллар учун.
Кўп танишларим, жиянларим уйланмай юрибди. «Ҳа?», деса «уй-жой қилишим керак, ичини ўзим тўлдиришим керак», деб. Уй-жойи бори ичини тўлдириш ғамида. «Келинни диванида ётмайман», деб йиллаб ишлаяпти. Умри ўтиб кетяпти. Кўп йигитлар ўттизга яқинлашиб уйланяпти. Ўзини тутиб, пул топиб, орзуларни рўёбга чиқаргунига қадар, бошқа ердан иккита болалик бўляпти. Охирги бир йилда саноқсиз одамлардан эшитяпман «куёвни бошқа хотини бор экан. Уйланиб олган экан. Боласи ҳам бор экан», деб қизларини ажратиб юбораётган ота-оналарни. Нима деб ўйлаган эдинглар? Ўттизга кириб, қизларга қарамай юради дебми?
Ҳадисга мувофиқ уйлантириш ва эрга беришга шошилиш ўрнига, йилдан йилга узайтириб боряпмиз. Натижада фаҳш авжига чиқяпти. Оилалар бузиляпти. Ҳозир замон ўзгарган. Инстаграм, тик-ток ва яна кўплаб тармоқларда аёлларни кўриб, уйланиш ҳам шарт эмас.
Бир киши мақтаняпти «Ҳамма совчи бўлиб келаётганлар, паспортни ўзини оламиз, ҳамма нарса тайёр», деяпти деб. Бир ҳисобда хурсандман. Одамлар тушуниб қолди қиз тараф мажбур эмаслигини. Лекин янги ремонт қилинган уй, парда, гилам ва мебеллар ҳам шарт эмаслигини тушунинглар энди. Борлар учун муаммо эмас. Аммо ҳеч нарсаси тайёр бўлмаган, ҳалол йигитга ҳам эрга берса бўлаверади. Бахтли яшаш учун парда, гилам ва мебеллар шарт эмас.
Ҳамма нарса тайёр деб эшик қоқаётган бечора куёвларни аксарини отни калласидай қарзи ёки тўйни ўтказибоқ Россияга кетиш учун билети ёнида. Ёш келинлар парда, гиламлик уйда ястаниб, ёстиқ қучоқлаб ухлаганида, куёвлар мардикорчиликка кетади. Янги келин кечалари ёлғиз ётади. Ёлғизликдан келиб чиқаётган машмашаларни эса санамай қўя қолай. Зотан, сиз ҳам кунда, кун ора эшитиб турибсиз ушланган келинларни, қочиб кетган келинларни, телефонда гаплашган ёш келинчакларни.
Дунё матоҳларини деб Россияда ўн йиллаб ишлаб, уйни тўлдириб уйланиш шарт эмас. Борига уйланаверинглар. Куни кеча бир она билан гаплашдим. Ўғли саккиз йилдан бери Россияда ишлар экан. Уй олиш учун керакли пулни йиғибди. Совчиликка борса, онаси билан бир домда турадими, деб одамлар қиз бермаётган экан. Энди уйни олиб, ичларини тўлдириб, кейин бемалол юраман совчиликка деди. Ҳайрон қараб қолдим. Ўн йил хотин олиш учун ишлайди. У йигит Россияда зино қилиб қўймаслигига, бирортага уйланиб олмаслигига гарантия йўқ. Жамият қонун деб қўйган урфларни, удумларни қурбонига айланаётган ёш умрларга ачинасан. Сохта обрў, манманлик, одамлар кўриб қўйсинга яшаш жамиятни чиритяпти.
Ўша машҳур гап: «Тўй қиммат бўлган ерда, зино арзон бўлади (кўпаяди)». Европани чиритган нарса зинони ошкор ва очиқ бўлиши, тўйдан кўра «яшаб» кўриш арзон бўлиши. Эркакларни кеч уйланишига сабаб, уйланиш ёшигача бемалол истагани билан, истаган усулда шаҳватни қондириш имкони борлиги. Эркакларни шунга мажбурлаяпсизлар. Яна ҳам ҳозир кўпи Аллоҳдан қўрққани учун «уйланиб» оляпти гарчи уйланишни шартларига тушмаса ҳам. Яқинда ошкора яшашни бошлайди сизларни орзуларинг боп пул топгунига қадар.
Биз тўйни қисқартириш, орзу-ҳавасдан воз кечишни эмас, бир юкни бир тарафдан бошқасига олиб бердик, холос. Муаммо шундайлигича турибди. Авваллари келин тараф қарзга кириб, қизни отаси йиллаб Россияда ишлаб сеп йиғган бўлса, энди куёв тараф шу ишни қиляпти.
©️Fb олинди