Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ходимлари Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари билан учрашди.
Қонунга биноан, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилишини ўрганиш ҳамда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга таъсири самарадорлигини баҳолаш Бизнес-омбудсманнинг асосий вазифаларидан бири саналади.
“Uztex Uchkurgan” корхонаси “Uztex Uchkurgan” ва “Uchkurgan textile” заводларини ўз ичига олган бўлиб, ушбу йирик корхона замонавий усулда пахта ва аралаш толадан ип-калава, қатланган ип, момиқ мато ва тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Салкам 16 гектар майдонни эгаллаган мазкур мажмуа қурилиши, янги замонавий технология ва жиҳозлар сотиб олишга қарийб 120 миллион АҚШ доллари йўналтирилди.
Мажмуа йилига 30 минг тонна ип-калава ва 7 минг тонна момиқ мато ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, бу ерда 4 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди. Асосийси, корхонанинг йиллик экспорт салоҳияти 50 миллион долларга тенг. Учрашувда корхона масъулининг соҳани ривожлантиришга оид таклиф ва муаммолари эшитилди ҳамда тегишли чора-тадбирлар кўриш учун қабул қилинди.
Кейинги манзил туманнинг Соҳил маҳалласида “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида ташкил этилган “Учқўрғон фарель балиқлари” масъулияти чекланган жамияти бўлди. Маҳаллий тадбиркор томонидан янги кооперация усулида балиқчилик хўжалигида ишлар олиб борилмоқда, 100 та балиқ етиштириш учун ҳовузлар битказилди, фарель балиғи чавоқлари етиштирилмоқда. Ҳозирда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида МЧЖ кооперациясига яна 500 та оила бириктирилди.
Бизнес-омбудсман девони мутасаддилари томонидан ҳудудларда тадбиркорлик субъектлари билан жойига чиққан ҳолда учрашувлар ўтказилмоқда. Уларда ишбилармонларнинг мурожаатлари тингланмоқда. Ўрганиш якунларига кўра, унда кўтарилган масалалар, мавжуд муаммолар ечими бўйича асосли таклифлар ишлаб чиқилади.
– Жорий йилнинг ўтган даврида Наманган вилоятида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларидан 389 мурожаат келиб тушди. Шундан 342 таси кўриб чиқилган бўлиб, 70 фоизи ижобий ҳал этилди, – дейди Бизнес-омбудсман вакил девонининг Наманган вилоятидаги масъул ходими Султонбек Маматов. – Қолаверса, “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали 600 га яқин тадбиркорларнинг мурожаатлари ваколатли ташкилотларга ижро учун йўналтирилиб, назоратга олинган ҳолда ижроси таъминланди.
Бундан ташқари, ўрганиш ва таҳлил натижаларида аниқланган камчиликлар юзасидан 123 та таъсир чораси қўлланилди. Жумладан, 109 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Ташкилот ва идораларга қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олишга қаратилган 4 та тақдимнома, 6 та огоҳлантириш киритилди. Шунингдек, судларга тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб, 500 миллион сўмдан ортиқ 4 та даъво аризаси киритилиб, улар тўла қаноатлантирилиши таъминланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА