Мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида республикада олиб борилаётган ислоҳотлар тизимли давом эттирилмоқда.
Бунга мисол бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин қизларни тизимли қўллаб қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-87-сонли Фармони ҳисобланади.
Хусусан, юқоридаги Фармонга кўра, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланиши белгиланди.
Шунингдек, Хотин-қизларга таълим олишлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг илмий салоҳияти ва малакасини тизимли ошириб боришни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, шу жумладан сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитларини молиялаштириш мақсадида тижорат банкларига Давлат бюджетидан ҳар йили 1,8 триллион сўм ресурс маблағлари йўналтирилиши, давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини қайтариш шартисиз қоплаш мақсадида, Давлат бюджетидан ҳар йили камида 200 миллиард сўм молиялаштирилиши, ҳамда 2022 йил 1 сентябрга қадар давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган хотин-қизларнинг давлат олий таълим муассасалари кесимида рўйхатини шакллантириб, 2022 йил 1 октябрга қадар контракт тўловларини қоплаб бериш кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга мухтож қатламларини қўллаб қувватлаш мақсадида ҳар йили Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг тавсияларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан 150 нафардан жами 2 100 нафар ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим контрактлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қоплаб борилиши, мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафар хотин-қизларни ҳар йили Қўмита тавсияномаларига асосан давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига мувофиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш амалиёти жорий этилди.
Шу билан бир қаторда мазку Фармон билан хотин қизлар тахсил оладига олий ва ўрта махсус ўқув муассасалари ташкил этилиши, «Олима аёл» танловини жорий этиш, хотин-қизларни касбга ўқитишнинг янги тартибини жорий этиш, тадбиркорлик фаолиятини янги бошлаётган тадбиркор хотин-қизларга ажратилаётган субсидия миқдори 7 миллион сўмдан 10 миллион сўмга ошириш, хотин-қизларга ўз томорқасида гул ва мева-сабзавот етиштириш учун иссиқхона қуриш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни йўлга қўйиш учун 35 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар ажратиш назарда тутилган.
Бундан ташқари, Хотин-қизларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш мақсадида ипотека кредитлари ажратилишида, хусусий уй-жой фондида ижара ҳуқуқи асосида истиқомат қилаётганларга бир қатор имтиёзлар берилиши кўзда тутилмоқда.
Шойрахон Ахмеджанова,
Наманган туманлараро маъмурий
суди судьяси