Гендер тенгликни таъминлаш масаласи дунё бўйлаб муҳим аҳамиятга эга. БМТ томонидан қабул қилинган ҳужжатларда, хусусан, 2015 йил қабул қилинган 70-сонли резолюцияда бу ўз ифодасини топган.
БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида мамлакатимизда “Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалари” қабул қилинган.
Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги 5-мақсад – “Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”дир.
Бу эса, ўз навбатида, иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий ва бошқа чораларни қамраб олади. Ушбу вазифаларни бажариш учун барча давлат органлари ва ташкилотлари, муассасалари, шунингдек, давлат аҳамиятидаги жамоат ташкилотлари масъул.
2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди.
Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида миллий қонунчилигимизда ҳам ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, 2019 йил 2 сентябрда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Қонун билан илк бор миллий қонунчилигимизда “гендер” тушунчасига таъриф берилди. Унга кўра, гендер – хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим, илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳат ҳисобланади.
Мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган ушбу олий юридик кучга эга қонун ҳужжатида қонун ва ҳуқуқ ижодкорлиги соҳасида янги йўналиш – гендер-ҳуқуқий экспертизаси жорий этилди.
Хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принциплари сифатида мазкур қонуннинг 4-моддасига мувофиқ қонунийлик, демократизм, хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқлик, жинс бўйича камситишга йўл қўймаслик, очиқлик ва шаффофлик каби принциплар белгиланди.
Гендер-ҳуқуқий эспертизани ўтказиш ваколатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотларга юклатилди. Уларнинг ҳар бири ўз фаолияти йўналишидан келиб чиқиб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва унинг лойиҳаларини таҳлил қилади ҳамда гендер-ҳуқуқий эспертиза хулосасини қабул қилади.
Қайд этиш керакки, қонун юртимизда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган яхлит ва асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Шунингдек, унда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ушбу соҳада давлат бошқаруви механизмлари каби масалалар ҳам белгиланди.
Хусусан, хотин-қизларнинг гендер камситилишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Республикаси гендер тенглигини таъминлаш масалалари бўйича комиссия ташкил этилган. Унинг асосий вазифаси –хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш. Ушбу соҳадаги давлат дастурларини, миллий ҳаракатлар режаларини ва стратегияларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади. Амалга оширилган ишлар бўйича ҳар йили Олий Мажлисга ахборот тақдим этади. Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш ва бу борада халқаро стандартларга риоя этиш соҳасида халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг тегишли органлари билан ҳамкорликни амалга оширади.
Шойрахон Ахмеджанова,
Наманган туманлараро маъмурий суди судьяси
Мухаммадсодиқ Рахимов, туманлараро маъмурий судининг
судья ёрдамчиси