Ушбу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, нуронийлар, олий таълим даргоҳлари ректорлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Хабарингиз бор, 2021 йил 7 июнда Президентимиз томонларидан Исҳоқхон тўра Ибрат номини абадийлаштириш мақсадида ПҚ-275-сонли қарор тасдиқланган эди.
Бугун ушбу қарорнинг ижроси кўз ўнгимизда намоён бўла бошлади. 5 гектар майдонда қурилиши бошланаётган олийгоҳ ўз ичига 1000 ўринли ўқув биноси, 400 ўринли талабалар тураржойи, 100 ўринли Ахборот кутубхона маркази ҳамда 250 ўринли фаоллар залини ўз ичига олади.
Институт қурилиши учун тендер лойиҳалари ўтказилиб, давлат бюджетидан 100 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилиб қурилиш ишлари бошланмоқда. Шу ўринда айтиш жоизки, жорий 2022-2023 ўқув йилида Наманган давлат чет тиллари институтига 448 нафар талабалар қабул қилиниб, -босқични аъло баҳолар билан якунлашди.
Исҳоқхон Тўра Ибратнинг келажакка комил ишонч, миллат руҳиятига кўтаринкилик бахш этувчи ғоялари ҳозирги кунда ҳам ўз амалий аҳамиятини йўқотмаган. Ибрат бобомиз оламда юз бераётган интеграция жараёнини тубдан англаб, миллат бу ўзгаришларга тайёр турмаса, илм, хорижий тил ва техникани ўрганмаса дунё саҳнасида ўз ўрнини йўқотиб қўйиши мумкинлигини кўра билган. Ибрат орзу қилган интилувчан, ҳар соҳада билимдон, фидойи ёшлар бугунги кунда ҳам юртимизнинг порлоқ келажагини барпо қилиш йўлида сабот билан меҳнат ва ижод қилмоқдалар.
Ҳукуматимизнинг хорижий тиллар, ахборот технологияларини ўзлаштириш борасида қилаётган саъй-ҳаракатлари айнан Ибрат орзу қилган кунларга келганлигимиз, Ватаннинг буюк истиқболи учун ҳозирдан тамал тоши қўйилаётгани, айниқса, бу ислоҳотлар кенг кўламда олиб борилаётганининг яққол мисолидир.
Бугунги ҳаракатлар аввало Исҳоқхон Ибратнинг пок руҳига эҳтиром, қолаверса, бу қурилажак даргоҳдан мамлакатимиз шуҳратини оламга янада кўпроқ танитадиган билим ва тафаккури бой ёшлар етишиб чиқишига замин яратади.
Манба: ©️namvilhok