Баъзан ҳаётда эҳтиётсизлик оқибатида бахтсиз тасодифлар ҳам рўй бериши мумкин. Шошма-шошарлик доим панд беради. Косонсой туманида яшовчи, беш фарзанднинг отаси, маҳалласида ташкил этилган оилавий боғча ҳайдовчиси бўлган Ж. Душаевнинг бошига ҳам шундай савдо тушди. У ўз инон-ихтиёрига бўйсунмаган ҳолда икки ёшли боланинг ўлимига сабабчи бўлиб қолди. Вафот этган бола автомашинасидан тушиб қолган бола эди… Айбланувчи ҳар куни кечки соатларда ўзига тегишли “Дамас” русумли автомашинасида боғча тарбияланувчиларини манзилига етказиб қўяр, унинг бу хизматидан ота-оналар ҳам хурсанд, ўзи ҳам маҳалладошларига нафи тегаётганидан кўнгли чоғ эди. Лекин ҳайдовчи йўл ҳаракати хавфсизлик қоидаларига риоя қилишни унутган эди. Олти нафар йўловчи сиғимли автоуловга бира тўла ўн беш нафар болани ўтқизиб, уйларига элтиб қўярди. Халқимизда кўза кунда эмас, кунида синади, деган нақл бежиз айтилмаган. Ҳозирги кунда айниқса, йўлларда қоидаларга риоя қилмаслик жуда кўп кўнгилсиз воқеаларни келтириб чиқараётгани сир эмас. Ўша куни ҳам машина салони болаларга тўла, уларни уй-уйларига тарқатиб келаётган ҳайдовчи уч нафар болани уйи олдида тушириб қолдиргандан кейин йўлида давом этган. Шу пайт атрофда турган одамларнинг бақир-чақири эшитилган. Ҳайдовчи машинани тўхтатиб қараса, болани уриб юборганини кўрган. Аниқланишича, автомашинадан тушиб қолган бола яна машина йўлига чиққану, ҳайдовчи уни кўрмай қолган. Республика суд тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Наманган филиали хулосасига кўра, боланинг ўлими – бош мияни оғир очиқ шикасти, бош мия лат ейиши, калла гумбази суякларини ботиб синиб асосга ўтиши каби оғир тан жароҳати шикастланиш бўлиб, бўйича уни ўлимига сабабчи бўлувчи оғир тан жароҳати ҳисобланиши кўрсатилган. Бу ҳолатда айбдор аниқ, лекин у қасддан жиноят содир этмаган. Унинг нияти одамларга яхшилик қилиш бўлган, холос. Маҳалладаги қўни-қўшнилар, ҳатто вафот этган боланинг ота-онаси ҳам судда Ж. Душаевнинг яхши инсон эканлиги, унга нисбатан даъвойи йўқлиги, енгиллик беришни сўраб кўрсатма бердилар. Суд ҳукми ўқилди. Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра, айбланувчи қонунда белгиланган жазога тортилди. Шу ўринда айрим мулоҳазаларимизни ҳам айтиб ўтмоқчимиз. Айбдорку жазосини олди, лекин бир боланинг ҳаёти увол кетди. Ота-она фарзанд доғида яшайдиган бўлди. Аслида бу воқеа содир бўлмаслиги мумкин эди-ку. Саволлар кўп, лекин баҳоналар ҳам истаганча топилади. Демак, барчамиз бундай воқеаларга гувоҳ бўлиб қолсак, албатта, бу ҳақда жон куйдиришимиз шарт.
Абдурасул Нарзулаев,
Жиноят ишлари бўйича Косонсой туман суди раиси