Конституция ҳар бир давлат тараққиётининг пойдевори бўлган ҳуқуқий, сиёсий ва мафкуравий ҳужжат – мамлакатнинг Асосий қонуни ҳисобланади.
Умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги конституциямизнинг энг муҳим жиҳатлари инсон, унинг хаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда демократик ҳуқуқий давлат қуриш билан боғлиқ ўзгаришлари билан муҳим аҳамиятга эга.
Жумладан, конституциямизда илк бора болалар меҳнатига оид муҳим норма яъни, 44-моддасига “Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади” деган қатъий норма киритилди.
Президентимиз Ш.Мирзиёев 2022 йил 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституциямизда болалар меҳнатига йўл қўймасликка алоҳида эътибор қаратган эди.
Ўзбекистон Республикаси 2008 йилда Халқаро Меҳнат ташкилотининг Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларида вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабларни бузиш, яъни вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлигига, хавфсизлигига ёки ахлоқ –одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.
Пахта далаларида ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ишларида, умуман, бошқа соҳаларда ҳам болалар меҳнатидан фойдаланиш, айниқса уларни жалб қилишнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича тизимли ва қатъий ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда болаларнинг мажбурий меҳнати тўлиқ барҳам топиб, 2 млн.га яқин болалар мажбурий меҳнатдан озод қилинди, бу борадаги давлат сиёсати конституциявий даражада мустаҳкамланди.
Айни пайтда, ушбу конституциявий норма болаларнинг соғлиги, хавфсизлиги, тўлиқ жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланишига тақдид солмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган тарзда меҳнат қилишларига тўсқинлик қилмайди. Хусусан, Меҳнат кодексига мувофиқ меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиги, хавфсизлиги, тўлиқ жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланишига таҳдид солмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун – улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёкиота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.
Конституциямизга илк маротаба киритилган мазкур норма мамлакатимизда ушбу соҳада эришилган ютуқларни қатъий мустаҳкамлайди ҳамда болалар соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун муҳим ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади.
Озодбек Зиявитдинов,
Наманган туманлараро маъмурий судининг раиси
Бобуржон Хусанбаев,
Наманган туманлараро маъмурий суди судья ёрдамчиси