Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди. Давлатимиз раҳбари, одатда, мазкур нуфузли тузилма минбаридан туриб сўзлаган нутқларида жаҳон ҳамжамияти эътиборини сайёрамиз аҳолиси учун ўта муҳим масалаларга қаратади, қатор муҳим таклифларни илгари суради. Энг муҳими, ушбу таклиф ва ташаббуслар мунтазам равишда жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилиб, БМТнинг расмий ҳужжатларида акс этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқи юртдошларимиз томонидан кенг муҳокама этилмоқда.
Ушбу нутқнинг тарихий аҳамияти нафақат Ўзбекистон учун, балки Марказий Осиё минтақаси ва дунё мамлакатлари учун ҳам долзарб масаладир. Юртбошимиз томонидан таъкидлаб ўтилган ҳар бир йўналиш миллатлар, халқлар ва давлатлар келажаги учун дастуриламал десак муболаға бўлмайди.
Президентимиз нутқида ёшлар масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар томонидан Ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари ҳақидаги битим имзоланганлиги ва ушбу ташаббусларнинг давоми сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш таклифи билан чиқилиб, унинг доирасида “Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби – 2030” дастурини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилган.
У ЮНEСКО шафелигида Ўзбекистонда Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этиш, 2024 йили «Ислом – тинчлик ва эзгулик дини» мавзусида халқаро конференция ўтказишни таклиф қилди.
«Диёримиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирлар ватани экани билан ҳақли равишда фахрланамиз», — дея таъкидлади Ўзбекистон президенти.
Мирзиёев Ўзбекистонни ислоҳ қилишда эришилган муваффақиятлар ва ҳукуматнинг яқин истиқболдаги мақсадлари ҳақида гапириб, қатор халқаро ташаббуслар билан чиқди:
2024 йили Ўзбекистонда БМТ шафелигида «Ижтимоий ҳимоя: барқарор ривожланиш йўли» мавзусидаги жаҳон конференциясини ўтказиш;
БМТ ҳузурида Марказий Осиёда ёшлар ривожланишига кўмаклашиш ва 2030-йилгача бўлган давр учун минтақадаги ёшлар дастурини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш;
2024 йил Ўзбекистонда жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларини муҳокама қилиш учун Осиё аёллари форумини ўтказиш;
«Марказий Осиё иқлим мулоқоти»ни ташкил этиш;
«Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик учун бирдамлик» резолюциясини қабул қилиш ва Самарқандда халқаро иқлим форумини ўтказиш;
халқаро терроризм каби умумий таҳдидларга қарши курашда бирлашиш.
Ўзбекистон президенти халқаро хавфсизлик Афғонистондаги жараёнлар билан бевосита боғлиқ эканини таъкидлади.
У Афғонистоннинг музлатилган халқаро активларини ушбу мамлакатдаги долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга йўналтириш механизмини ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этди.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари ушбу юксак минбардан туриб жаҳон ҳамжамияти эътиборига ҳавола этган барча масалалар ҳаётийлиги, долзарблиги, ташаббуслар ўз вақтида илгари сурилгани билан диққатга сазовор. Зеро, инсоният олдида турган ўта муҳим вазифаларни кўрсатиб бераётган мазкур таклифлар халқаро жамоатчилик томонидан дарҳол эътироф этилмоқда.

Одилжон ТУРДИЕВ,
Фахриддин МАДРАХИМОВ
,

Наманган вилоят маъмурий суди судьялари.

от Admin