Муҳтарам юртбошимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида халқаро муносабатлар тизимида юз бераётган муҳим ўзгаришлар ҳақида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.

Жумладан, жаҳон миқёсида ишонч инқирози кузатилаётгани, глобал хавфсизлик институтлари фаолиятидаги муаммолар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш кучайиб бораётгани, геосиёсий қарама-қаршиликлар туфайли савдо, инвестиция ва инновация соҳаларида эркин алмашиш йўлида янги тўсиқлар вужудга келаётгани, ҳаттоки, иқлим ўзгаришлари, очлик ва тенгсизликка қарши кураш сингари бутун башарият тақдирига дахлдор бўлган масалаларда ҳам ўзаро мулоқот издан чиққани сезилаётгани, бундай мураккаб шароитда амалий ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда, мамлакатларни жипслаштириш ғояси ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлишини тааъкидлади.

Ўзбекистон Республикасида ўтган йилда умумий хавфсизлик ва тараққиётга қаратилган “Самарқанд бирдамлик ташаббуси” илгари сурилгани, бундан мақсад мамлакатларимиз ва халқларимизнинг бугунги куни ва истиқболи учун масъулиятни ҳар томонлама чуқур англаш, очиқ ва конструктив ҳамкорликка тайёр барча томонларни глобал мулоқотга жалб қилишдан иборат эканлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ташаббуси билан келгуси йил Келажак саммити ўтказилиши халқаро ва минтақавий тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга хизмат қилишини айтиб ўтди.

Ўзбекистон Республикасида янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсати қатъий давом этаётгани, “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар амалга оширилаётгани, жорий йил апрель ойида миллий тараққиётнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи янгиланган Конституция бўйича Ўзбекистон тарихида биринчи марта умумхалқ референдуми бўлиб ўтгани, Референдумда овоз берганларнинг 90 фоиздан зиёди ушбу чинакам халқ Конституциясини қўллаб-қувватлагани, асосий қонунда миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принципларига садоқат яна бир бор тасдиқлангани, шундай ҳуқуқий асосда “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегияси қабул қилингани, изчил давом этаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон иқтисодиёти, глобал таҳдидларга қарамасдан, барқарор ўсиш суръатларини намоён этиб, сўнгги олти йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми бир ярим мартадан ортиқ кўпайгани,бу кўрсаткич 2030 йилга қадар яна 2 баробарга оширилиши, иқтисодиётни либераллаштириш йўлидаги яна бир устувор вазифа яқин орада Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш эканлиги, халқнинг турмуш даражасини оширишга қаратилган сиёсат туфайли 2017 йилдан буён камбағаллик икки баробарга камайгани, аҳолини ичимлик суви, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа ижтимоий хизматлар билан таъминлаш кўламини бир неча бор оширишни белгилангани, сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича эътиборга лойиқ натижаларга эришилгани, мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилгани, янги Конституцияда мажбурий меҳнат тақиқланиши кафолатлаб қўйилгани ва бунинг учун жиноий жавобгарлик белгилангани, таълим тизими тубдан ўзгариб, ўтган олти йилда мактабгача таълимдаги қамрови
21 фоиздан 70 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 38 фоизга етганлиги, 2030 йилга қадар ҳар бир боланинг боғчага қатнаши, мактабни битираётган ҳар икки ўқувчининг бири олийгоҳда ўқиши учун имконият яратилиши каби изчил ислоҳотлар амалга оширилиши белгиланганлиги ҳақида гапириб ўтди

Бундан ташқари, сўнгги йилларда Марказий Осиё яхши қўшничилик, барқарорлик, ўзаро ҳамкорлик ва ривожланиш йўлидан бораётгани, Ўзбекистон барча қўшнилари билан давлат чегаралари, транспорт коридорлари ва сувдан фойдаланиш бўйича муаммоларни бартараф этишга муваффақ бўлаётгани, минтақа давлатлари ўртасида ўзаро савдо икки ярим баробардан зиёд, қўшма корхоналар сони эса беш мартага ўсганлиги, Марказий Осиёнинг дунёга очиқлиги – минтақа хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлайдиган энг муҳим шартга айланаётганлиги фахр билан тилга олинди.

Шу билан бирга, диёримиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирлар ватани экани билан ҳақли равишда фахрланиши, шундай буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида
2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббуси илгари сурилганини мамнуният билан баён этиб ўтди.

Д.Мадаминов,

Наманган вилоят маъмурий суди судьяси

от Admin