Ҳимоя ордери ҳақида
Сир эмаски, жамиятда гендер тенгликни таъминлаш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгилаб олиниб, ушбу соҳада кўплаб норматив ҳуқуқий-ҳужжатлар қабул қилинди. Шу билан бирга, уларнинг ижроси қатъий назоратга олинган холда бир қатор самарали ишлар ҳам амалга ошириб келинмоқда.
Албатта, гендер тенгликни таъминлашда хотин-қизларнинг билим ва кўникмаларини ошириш билан биргаликда, аввало уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишининг кафолатларини ишлаб чиқиш лозим бўлади. Қонунчиликда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича бир қатор “механизмлар” яратилган бўлиб, улардан бири бу — ҳимоя ордеридир.
Ҳимоя ордери бу — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат бўлиб, уни беришга тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати, жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар, тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши ҳамда давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар асос бўлади.
Ҳимоя ордерида қуйидаги чекловлар ёки улардан бири назарда тутилади:
тазйиқ ўтказишни ва зўравонлик содир этишни тақиқлаш;
тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган шахснинг тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар билан алоқасини тақиқлаш;
тазйиқ ўтказилган ва зўравонлик содир этилган тақдирда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳамда тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг бир хонада бирга бўлишини тақиқлаш;
тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг зиммасига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчини даволаш, унга маслаҳат бериш, уни тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказга жойлаштириш учун харажатларнинг, етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш, шунингдек, маънавий зиённи компенсация қилиш мажбуриятини юклаш;
тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг қуролни сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини ҳимоя ордерининг амал қилиши ёки унда кўрсатилган муддат даврида чеклаш ёхуд тақиқлаш, шунингдек, қурол сотиб олиш учун рухсатнома олишга доир ҳуқуқини тақиқлаш.
Хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонлик эса қуйидагиларда намоён бўлиши мумкин:
жисмоний зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан оғирлиги турли даражада бўлган тан жароҳатлари етказиш, хавф остида қолдириш, ҳаёти хавф остида қолган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, зўравонлик хусусиятига эга бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказишнинг ўзга чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қилиш;
иқтисодий зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан турмушда, иш жойларида ва бошқа жойларда амалга оширилган зўравонлик шакли, хотин-қизларнинг нормал яшаш ва камол топиш учун озиқ-овқат, уй-жой ҳамда бошқа зарур шарт-шароитлар билан таъминланишга бўлган ҳуқуқини, мулк ҳуқуқини, таълим олиш ҳамда меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишни чеклашга олиб келадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик);
руҳий зўравонлик — хотин-қизларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, таҳдид қилиш, уларнинг шаънини, қадр-қимматини камситиш, шунингдек уларнинг хоҳиш-иродасини чеклашга қаратилган бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган зўравонлик шакли, шу жумладан репродуктив соҳада назорат қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчида ўз хавфсизлиги учун хавотир уйғотган, ўзини ҳимоя қила олмасликка олиб келган ёки руҳий соғлиғига зарар етказган ҳаракат (ҳаракатсизлик);
жинсий зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан уларнинг розилигисиз шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этиш орқали жинсий дахлсизликка ва жинсий эркинликка тажовуз қиладиган зўравонлик шакли, шунингдек зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан таҳдид қилиш ёхуд аёл жинсидаги вояга етмаган шахсларга нисбатан ахлоқсиз ҳаракатлар содир этиш орқали учинчи шахс билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаш.
Шунингдек, тазйиқ содир этилганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган, хотин-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик), шилқимлик, таъқиб этишда намоён бўлади.
Ҳимоя ордери ички ишлар органларининг таянч пункти профилактика инспекторлари томониданўттиз кун муддатгача берилади.
Ҳимоя ордери амал қилиши даврида хавф бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати жабрланувчининг аризасига кўра бир йилгача муддатга жиноят ишлари бўйича суд томонидан узайтирилиши мумкин.
Ҳимоя ордери талабларининг бажарилиши устидан назорат ички ишлар органи томонидан амалга оширилади.
Фахриддин МАДРАХИМОВ
Наманган туманлараро маъмурий суди раиси
Бобуржон ХУСАНБОЕВ
Наманган туманлараро маъмурий суди судья ёрдамчиси
MEHNAT QONUNCHILIGINING MILLIY VA XALQARO HUQUQIY ASOSLARI
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Халқ банки – тутумингиз борми?
Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида самарадорлик ва очиқликка йўналтирилган янги ислоҳотлар
ISH VAQTI: HUQUQIY ASOSLARI VA AMALIY TAHLIL
DAVLAT BOSHQARUVIDA KORRUPSIYANING OLDINI OLISH -ADOLATLI JAMIYATNING ASOSIY SHARTI
КОНСТИТУЦИЯ – ОЛИЙ ЮРИДИК ҲУЖЖАТ
Туркманистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб пластик пулни муомалага киритди
Ғазога гуманитар ёрдам етказиб бериш келишилган даражадан пастлигича қолмоқда.
«Грин-карта» ҳозирча йўқ
Россияда доллар курси 75 рублга тушиб кетибди.