Кейинги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳамда давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш имкониятини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликлари суд орқали ҳимоя қилиниши, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланишига оид нормасини амалга ошириш мақсадида маъмурий судларга мурожаат қилиш имкониятларини янада кенгайтириш, шунингдек давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш зарурати юзага келмоқда.
Шу муносабат билан 2024 йилнинг 16 январь куни «ДАВЛАТ БОЖИ ТЎҒРИСИДА»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-897-сонли қонуни қабул қилинди.
Мазкур Қонунига давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилишда давлат божини фуқаролардан олдиндан ундирмасдан, ушбу божни ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра айбдор тарафдан ундириш тартибини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар, шунингдек давлат божининг кўрсатилган ставкаси миқдори пасайтирилишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилди.
Қонун фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари суд тартибида ҳимоя қилинишини таъминлашга, уларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳамда давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Қонун қуйидаги мазмундаги 11-банд билан тўлдирилиб, жисмоний шахслар маъмурий судларга ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилиниши белгиланди.
Ушбу шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилиши назарда тутилди.
Шунингдек, қонуннинг иловасини 3-бандининг “б” кичик банди янги таҳрирда баён этилди. Яъни, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган аризалар (шикоятлар) бўйича фуқаролардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари ундириши белгиланди. Эски таҳрирдаги қонунда фуқаролар маъмурий судга ариза билан мурожаат қилишда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида давлат божи тўлаши шарт бўлган.
Ш.Ахмеджанова,
Наманган туманлараро маъмурий суди судьяси