Атоқли маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган ҳикматли сўзларини мен қайта-қайта такрорлашдан чарчамайман.
Дарҳақиқат, Ўзбекистонда Учинчи Ренессансга пойдевор бўлган таълим тизимидаги амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда юртимизда узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, мамлакатимиз ёшларини ҳар жиҳатдан маънавий баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, юқори малакали педагог кадрлар тайёрлашни тубдан яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимиз тараққиёти учун энг муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши бизни фахр туйғулари билан тўлқинлантиради. Жумладан, 2023-йил 11-сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегия Янги Ўзбекистонни ривожлантиришда дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Мазкур ҳужжат халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида қабул қилинганлиги барчамизга аён бўлиб улгурди.
Тараққиётимиз дастури бўлмиш «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида таълим тизимини янада ривожлантириш бўйича янги мақсад ва режалар белгилаб олинди. Мазкур ҳужжатда болаларни мактабгача таълим ва тайёрлов гуруҳлари билан тўлиқ қамраб олиш, олис ва чекка ҳудудларда жойлашган 715 та умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун бепул автобусларни йўлга қўйиш, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказиш, умумий ўрта таълим ташкилотларини олий маълумотли педагог кадрлар билан тўлиқ таъминлаш, олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш ва илмий салоҳиятни 70 фоизга етказиш каби мақсадлар илгари сурилган.
Мухтасар қилиб айтганда, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган барча мақсад ва чора-тадбирларнинг ҳар бирини ўз вақтида ва самарали бажарилишига ҳамда ҳаётимизда кенг тадбиқ этилишига барчамиз бирдек масъулмиз.
Абдурашид Жўрабоев
Наманган тўқимачилик саноати институти
биринчи проректори.