Маълумки, маъмурий судлар нафақат фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади, маъмурий суд ишларини юритишнинг асосий вазифаларидан яна бири маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишдан иборат.

Мазкур вазифаларни амалга ошириш учун маъмурий судлар ишни кўриш чоғида давлат ёки бошқа орган, юридик ёхуд мансабдор шахс, шунингдек фуқаронинг фаолиятида аниқланган қонунчилик ҳужжатларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни бартараф этиш юзасидан хусусий ажрим чиқариши лозим. Хусусий ажрим процессуал қонунчиликда ҳуқуқий таъсир чораси ҳамда судларнинг маъмурий органлар устидан назорат функциясини амалга оширувчи механизми ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 174-моддасида ишни кўриш чоғида давлат органининг ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонунчилик ҳужжатларининг бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъий назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақлилиги, хусусий ажрим тегишли давлат органларига ва бошқа органларга, юридик шахсларга, мансабдор шахсларга юборилиши ва улар кўрилган чоралар тўғрисида бир ойлик муддатда судга хабар қилиши шартлиги кўрсатилган.

Хусусий ажрим билан суд тегишли органдан ёки мансабдор шахсдан қонунчилик ҳужжатларининг бузилишида айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани ўзларининг ваколатига мувофиқ кўриб чиқишни талаб қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил 24 декабрдаги “Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида”ги 24-сонли қарорининг 26-бандида, агар ишни кўришда маъмурий органлар ёки мансабдор шахслар фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланса, суд бунга нисбатан хусусий ажрим чиқариш орқали муносабат билдириши лозимлиги кўрсатилган.

Наманган вилоят маъмурий судлари томонидан 2023 йил давомида оммавий ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқишда давлат органларининг ёки уларнинг мансабдор шахсларининг фаолиятида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан ҳар бир қонунга хилоф деб топилган низоли қарор ёки мансабдор шахснинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан хусусий ажрим чиқарилган. Ушбу чиқарилган хусусий ажримларининг барчаси тегишли маъмурий органларда муҳокама қилиниб, қонунчилик ҳужжатларини бузилишини олдини олиш бўйича кўрилган чоралар тўғрисида судга маълум қилинган.

Хусусий ажрим чиқарилишидан мақсад ишни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш, келгуси фаолиятида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш учун чиқарилса, ўз навбатида маъмурий органлар фаолиятида қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя этиш, ҳуқуқбузарликларни олдини олишга, келгусида низоларни камайишига сабаб бўлади.

Зарипахон Курбонова,

Наманган вилоят маъмурий судининг раиси

от Admin