USAID Ривожланиш мақсадлари бўйича грант шартномаси доирасида Ўзбекистонга яна 6,1 млн доллар ажратди.
Умумий сумма 47 млн доллардан ошди. Маблағлар бошланғич синф ўқувчиларининг кўникмаларини ошириш, 8−11-синфларда ёшларга тадбиркорлик ва иқтисодий кўникмаларни ўргатиш учун сарфланади.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан давом этаётган Ривожланиш мақсадлари бўйича грант шартномаси (DOAG) доирасида қўшимча молиялаштириш учун 6,1 миллион доллар ажратди.
Шу тариқа DOAG’га жами инвестиция 47 миллион доллардан ошди, деб хабар қилди АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси.
Янги маблағ бошланғич мактаб ўқувчиларининг асосий кўникмаларини ривожлантиришга ёрдам берадиган дастурларни кучайтиради ва 8−11-синф ўқувчиларини ишга жойлашиш ва келажак иқтисодиётида иштирок этиш учун зарурий тадбиркорлик ва иқтисодий кўникмалар билан таъминлайди, дейилади хабарда.
Беш йиллик DOAG шартномаси 2019 йилда имзоланган. USAID’нинг Ўзбекистон таълим соҳасига киритган сармоялари бошланғич синфларда ўқиш ва математика кўникмаларини ошириш, инглиз тилида эркин мулоқот қилишни яхшилаш, ахборот ва коммуникация технологиялари кўникмаларини ривожлантириш ва ишга жойлашиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.
«Таълимга сармоя киритиш — бу ҳар ким учун порлоқ келажакка сармоя киритишдир, — деди USAID’нинг Ўзбекистондаги миссияси директори Девид Ҳофман. — Сифатли таълим бериш орқали биз нафақат болаларни зарур кўникмалар ва билимлар билан таъминлаймиз, балки янада фаровон, тенг ва барқарор жамиятга йўл очамиз. Таълимга сарфланган ҳар бир доллар — бу барчамиз учун яхшироқ келажакни қуришга қаратилган қадамдир».
Манба: Gazeta.uz