Ҳайдовчилар учун қайси газ «заправка»лар ишлаётганини кўрсатувчи мобил илова 1 декабргача тайёр бўлади, деди энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов. У илова бепул бўлиши ва уни ишлатиш АГТКШлар учун иҳтиёрий бўлишини таъкидлади.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларининг қайси бири ишлаётганини кўрсатувчи мобил илова 1 декабргача тайёр бўлишини таъкидлади. Бу ҳақда у «Лолазор» подкастда гапирди.

«Ишга тушади. Сабаби, мен ўтган ҳафта давомида ўзимизнинг маҳаллий ёшлар билан, IT компаниялар билан кўришиб, шу тизимларнинг барчаси ҳақида гаплашдик. Фақат бир нарса бор — барча ёқилғи қуйиш шохобчалари хусусий. Биз ҳозир дастур устида ишлаяпмиз. Барчага тавсиявий шаклда берамиз», — деди вазир.

Унинг таъкидлашича, иловадан фойдаланиш бепул бўлади. Фақат АГТКШлар ўзларининг қўшимча хизматларини кўрсатиш ва реклама мақсадида иловадан фойдаланмоқчи бўлса, бунинг учун ҳақ тўланади.

«Бу бепул бўлади. Биз улар билан Энергетика вазирлиги орқали шартнома қилиб, тизимни ва иловани яратиб бериш бўйича келишувга эришдик. Фақат ўша ёқилғи қуйиш шохобчалари қўшимча хизмати учун ёки реклама учун мобил иловани ишлатса қандайдир тўлов мавжуд бўлади. Лекин ёқилғи қуйиш шохобчалари бу иловани ишлатиш ёки ишлатмаслиги ўзининг иҳтиёрида бўлади», — деди у.

Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг таъкидлашича, вазирлик бу илова орқали қайси АГТКШга газ узатилаётгани ҳақидаги реал вақт маълумотларини акс эттиради.

«Айрим «заправка»лар ўзининг техник сабабларига кўра ёпилган бўлиши мумкин. Улар илова орқали маълумотларни янгиламаса, мен уларни бунга мажбурлай олмайман-ку? Биз газ қайси «заправкаларга» берилганини чиқарамиз. Ундан муаммо йўқ. Бизда реал режимда қайси «заправка» газ қуяётгани бўйича маълумот жамланади. Ишлади-ишламади, деб бера оламиз, лекин ким қанча газ қуйгани ҳақида маълумот беролмаймиз. Мен бир ой ичида сизларга мобил илованинг дастлабки версиясини кўрсатаман», — дея қўшимча қилди у.

Вазирга кўра, бу илова 1 декабргач қадар ишлаш учун тайёр бўлади.

Бундай мобил илова ишлаб чиқилаётгани ҳақида 22 апрель куни ўтказилган матбуот анжуманидаЭнергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев маълум қилганди. Ўшанда иловага бутун республика бўйлаб «Ҳудудгазтаъминот»дан газ сотиб оладиган 1329 та шохобча киритилиши, дастур «Яндекс» билан ҳамкорликда ишлаб чиқилаётгани айтилганди. «Шу йил қишда ҳайдовчиларнинг қўлида илова бўлади», — деганди Ҳасан Тошхўжаев.

от Admin