ТИББИЙ ТЕХНИКА ЖИҲОЗЛАРИНИ ҚИЁСЛОВДАН ЎТКАЗМАГАН ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИГА 44 МИНГДАН ОРТИҚ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРДАН АСОССИЗ ОЛИНГАН 900 МЛН СЎМГА ЯҚИН ПУЛ МАБЛАҒЛАРНИ ҚАЙТАРИШ ЮЗАСИДАН КЎРСАТМА БЕРИЛДИ

Рақобат қўмитаси фуқароларнинг мурожаатлари асосида республика тиббиёт муассасаларида қўлланилаётган тиббий техникаларнинг фойдаланишга яроқлиги ва унинг хавфсизлиги бўйича даврий синовлардан ўтказилиши бўйича ўрганишлар олиб борди.

Тошкент шаҳар мисолида

Ҳудудий бошқарма тиббиёт муассасаларида кўрсатилаётган хизматлар сифати ҳамда тиббий асбоб-ускуналарнинг метрологик текширувдан ўтказилганлик ҳолатлари юзасидан ўрганишлар ўтказганда 6 та тиббиёт муассасалари (Юнусобод тумани Марказий кўп тармоқли поликлиникаси, Юнусобод тумани туманлараро 3-сон тери-таносил касалликлари диспансери, 7-сон шаҳар клиник шифохонаси давлат корхонаси, Тошкент шаҳар Тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси, Тошкент шаҳар 9-сон туманлараро перинатал маркази, Тошкент шаҳар Ибн Сино номли шаҳар клиник шифохонаси) томонидан 17 мингдан ортиқ истеъмолчилардан кўрсатилган сифатсиз хизмат учун 806 млн сўмлик пул маблағларини олганлик ҳолатлари аниқланди.

Тошкент вилояти мисолида

Ҳудудий бошқарма ўтказган ўрганишларда Қибрай тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан кафолат муддати ўтган сертификатли техника жиҳози билан бир йил давомида истеъмолчиларга тиббий хизмат кўрсатилгани маълум бўлди. Ўрганишлар натижасида 2023 йилнинг август ойидан 2024 йилнинг шу ойига 23 дона тиббий кўрик техникаси орқали 550 нафар фуқарога кўрсатилган хизмат натижасида жами 25 млн сўмга яқин ортиқча ҳақ олинганлиги аниқланди.

Сирдарё вилояти мисолида

Ҳудудий бошқарма томонидан вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ўтказилган ўрганишларда ўтган 2021-2022-2023-йиллар мобайнида жами 200 дан ортиқ пуллик хизмат тури бўйича 25 775 нафар истеъмолчидан ортиқча 60 млн сўмга яқин пул маблағлари олинганлик ҳолатлари аниқланган.

Юқоридаги ҳудудлар кесимида аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, Қўмитанинг ҳудудий органлари (Тошкент шаҳар, Тошкент вилояти ва Сирдарё вилояти)Махсус комиссиялари томонидан “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 6 ва 21-моддалари ва Вазирлар Маҳкамасининг 225-сонли қарори билан тасдиқланган Низоми талаблари бузилиш аломатлари билан хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасаларига нисбатан иш қўзғатилиб, асоссиз олинган 900 млн сўмга яқин пул маблағларини 44 мингдан ортиқ истеъмолчи фойдасига қайтариш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.

‼️ Ҳурматли истеъмолчилар! Лаборатория, физиотерапия ҳамда диагностика хизматларидан фойдаланишда албатта кўрсатилаётган хизматлар ва уларнинг турлари, нархлари, тиббий техника жиҳозларининг даврий қиёсловдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот ва синов сертификатлари билан танишишни унутманг.

от Admin