2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар — тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби жорий этилади
Бугун Олий судда тергов судьяси институтини жорий этилиши доирасида амалга оширилган ишлар, тергов судьяларининг вазифалари ва асосий йўналишлари билан боғлиқ масалалар бўйича матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини самарали ташкил қилиш бўйича Олий суд томонидан қуйидагилар амалга оширилди:
— фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди ва манфаатдор идоралар билан келишилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилди.
— тергов судьяси лавозими жорий этиладиган жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига тегишли штатлар ажратилиб, 2024 йилнинг 18 октябрь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди. Ҳозирги кунда 236 нафар тергов судьялари тайинланди.
— Олий суд томонидан халқаро ташкилотлар кўмагида тергов судьяси институти жорий этилган илғор хорижий мамлакатлар, хусусан, Словения ва Германия экспертлари иштирокида семинар-тренинглар ташкил этилди.
— ҳозирги кунда Олий суд, Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий мактаби билан биргаликда жойлардаги судьялар, терговчи, прокурор адвокат ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларнинг билими ва амалий кўникмасини ошириш юзасидан семинар-ўқув машғулотлари режаси ишлаб чиқилиб, 2025 йилнинг 1 январь кунига қадар Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ушбу тадбирларни ўтказиш режалаштирилган.