Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишда Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар ҳамда божхона органлари билан ҳамкорликда бир нечта фаол тадбирлар ўтказилди.

Жумладан, Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи, 2003 й.т. фуқаронинг ёни ҳамда яшаш хонадонидан жами 2 кг. 992 гр. “гашиш” моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Маълум бўлишича, ушбу шахс Тожикистон Республикасидан олиб келинган ажал оғусини Фарғона вилоятида яшовчи мижозларга сотишни режалаштирган.

Бошқа ҳолатда эса Қўштепа туманида вақтинча яшовчи, 1984 й.т. Тожикистон Республикаси фуқароси Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи 3 нафар муқаддам судланган шериклари билан Тошкент вилоятининг Бўка туманига бориб, йўлнинг қатнов қисми четига тожикистонлик наркосавдогарлар яшириб кетган 1 кг. 977 гр. “гашиш” моддасини олиб, ортга қайтаётган вақтларида Наманган вилоятининг Поп туманида қўлга олинди.

Маълум бўлишича, улар ушбу заҳри қотилни Фарғона, Марғилон шаҳарлари ҳамда Олтиариқ туманида яшовчи харидорларга сотишни режалаштиришган.

Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи, 2003 й.т. муқаддам судланган шахс ва унинг 2004 й.т. турмуш ўртоғи ушланиб, улардан 1 кг. 924 гр. “гашиш” моддаси ашёвий далил сифатида олинди.

Аниқланишича, ушбу ажал оғуси ҳам Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган.

Қўқон шаҳрида қайд этилган яна бир ҳолатда 1988 й.т., муқаддам бир неча маротаба судланган шахсга тегишли “Комби” русумли автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида Қирғиз Республикасидан келтирилган 966 гр. “гашиш” ҳамда 976 гр. “опий” моддалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.