Президент топшириғи билан электр ва газ тарифлари оширилиши 1 майгача кечиктирилди

Аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида президент Шавкат Мирзиёев ҳукуматга электр энергияси ва газ тарифларининг оширилишини бир ойга кечиктириш бўйича топшириқ берди. Янги тарифлар 1 апрелдан эмас, 1 майдан кучга киради.
Президент Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасига электр энергияси ва газ бўйича янги тарифларнинг кучга кириш муддатини кечиктириш топшириғини берди.
Президент бу топшириқни «аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини ёкилги-энергетика ресурслари билан ишончли тарзда таъминлаш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида» берган.
Янги тарифлар аввал режалаштирилгани каби 1 апрелдан эмас, 1 майдан кучга киради. 2024 йил 16 апрелдаги Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига буни назарда тутувчи ўзгартириш киритилади.
Эслатиб ўтамиз, тарифлар оширилишининг биринчи босқичи ўтган йилнинг май ойида юз берди, ўшанда аҳоли учун ижтимоий норма жорий этилганди. Аҳоли учун 1 кВт/соат электр энергиясининг базавий (ижтимоий меъёр доирасидаги) нархи 295 сўмдан 450 сўмга (+52,5 фоиз), 1 куб метр газнинг нархи 380 сўмдан 650 сўмга (+71 фоиз) ошди. Истеъмол ҳажми ошгани сари тарифларга каррасига оширувчи коэффициентлар қўлланилиши белгиланди.
Шундай қилиб, 1 майдан бошлаб электр энергияси учун базавий тариф (ойига 200 кВт/соат доирасида) яна 33,3 фоизга — 450 сўмдан 600 сўмга, газ учун эса 650 сўмдан 1000 сўмгача (+53,8 фоиз) ошади.
Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларига мувофиқ, тариф ўзгарган тақдирда, янги тарифлар кучга кирган кундан бошлаб:
маиший истеъмолчилар аввалдан тўланган ҳажм учун икки ойдан ошмайдиган муддатга қўшимча тўловлардан озод қилинади;
бошқа истеъмолчилар (жумладан, тадбиркорлар) эса бир ойдан ошмайдиган муддатга қўшимча тўловлардан озод этилади.
Бу шуни англатадики, 1 майгача олдиндан тўловни амалга оширганда икки ой давомида (1 июлгача) эски тарифлар амал қилади. Аммо бу фақат ижтимоий меъёр доирасидаги истеъмол ҳажмига — 100 куб метр газ ва 200 кВт/соат электр энергиясига тааллуқлидир.