1
1
У Сирдарё дарёси ўзанида ўтказилган тезкор рейд тадбири давомида электр қармоқ ёрдамида балиқ овлаётган ҳуқуқбузарларнинг қаршилигига учраган ва натижада сувга тушиб кетган.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) Айдар-Арнасой кўллар тизимини назорат қилиш бўлими бош мутахассиси Мирзо Ботиров хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлди.
Маълумотларга кўра, Мирзо Ботиров кеча, 9 сентябрь куни тунги соат 23:00 да Сирдарё дарёси ўзанида ўтказилган тезкор рейд тадбири давомида электр қармоқ ёрдамида балиқ овлаётган ҳуқуқбузарларнинг қаршилигига учраган ва натижада сувга тушиб кетган. Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилган қидирув ишлари натижасида бугун, 10-сентябрь куни инспекторнинг жасади топилди.
Айни дамда марҳумнинг оила аъзоларига зарур моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш, шунингдек, воқеанинг барча тафсилотларини ўрганиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
«Мирзо Ботиров умрини атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бағишлади. Унинг табиатни муҳофаза қилиш ва экологик қонунчилик талабларини таъминлаш йўлидаги фидокорона хизматлари ҳамда кўрсатган жасорати муносиб баҳоланиб, у «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони билан тақдирланади», — дейилади хабарда.
Таҳририятимиз марҳум қаҳрамоннинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.