1
1
Кибермаконда шахс, жамият ва давлат манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, ахборот инфратузилмасининг барқарорлигини таъминлаш, рақамли иқтисодиёт тармоқларида киберхавфсизликни янада кучайтиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, фуқароларда киберхавфсизлик маданиятини шакллантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда банк карталари орқали фирибгарлик, сохта қўнғироқлар, фишинг ва ижтимоий тармоқлар орқали алдаш ҳолатлари тобора кўпаймоқда. Рақамли технологиялар ҳаётимизни енгиллаштираётган бир пайтда, улардан ноқонуний мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда. Шу боис мамлакатимизда кибержиноятларга қарши курашишни янада кучайтиришга қаратилган янги чора-тадбирлар белгиланди.
Кибержиноят нима?
Кибержиноят — ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятлардир. Уларга банк картасидан пул ўғирлаш, телефон ёки интернет орқали фирибгарлик қилиш, шахсий маълумотларни қўлга киритиш, электрон ҳамёнлардан ноқонуний фойдаланиш каби ҳолатлар киради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорининг 2025 йил
30 апрелда “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-153-сон қарори қабул қилинди.
Қарор билан кибержиноятларга қарши курашишда давлат органлари, банклар ва тўлов тизимлари учун янги вазифалар белгиланди. Энг муҳими, Ички ишлар вазирлиги ушбу соҳада мувофиқлаштирувчи ваколатли орган этиб белгиланди ва барча масъул идораларнинг ҳамкорлиги кучайтирилди.
Фуқароларни ҳимоя қилишга қаратилган чоралар
Қарорда аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан:
• банклар ва тўлов ташкилотларида киберхавфсизлик талаблари кучайтирилади;
• шубҳали пул ўтказмалари тезкор аниқланади ва зарур ҳолларда банк карталари дарҳол блокланади;
• Марказий банк томонидан ягона антифрод тизими жорий этилади.
Бу чоралар фирибгарлар томонидан ўғирланган маблағларнинг тезкор ҳаракатланишини чеклашга хизмат қилади.
Сўнгги вақтларда фирибгарлар бошқа шахсларнинг банк картаси ёки ҳисобрақамидан фойдаланиш ҳолатлари кўпайди. Қарорга мувофиқ, ўз банк картаси, ҳисобрақами ёки SIM-картасини жиноий мақсадларда бошқаларга тақдим этган шахслар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланиши назарда тутилган.
Кибермаданиятни ошириш — ҳар биримизнинг вазифамиз
Кибержиноятларнинг олдини олишда аҳолининг хабардорлиги муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда:
• ҳар йили ноябрь ойи «Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги» сифатида ўтказилади;
• интернет ва ижтимоий тармоқларда огоҳлантирувчи тарғибот ишлари кенгайтирилади;
• фуқароларга янги фирибгарлик усуллари ҳақида мунтазам маълумот бериб борилади.
Вставленная уценка.md
Ўзимизни қандай ҳимоя қиламиз?
Мутахассислар қуйидаги оддий қоидаларга амал қилишни тавсия этади:
• банк картаси рақами, SMS-код ва паролларни ҳеч кимга айтманг;
• номаълум ҳаволаларни босманг;
• банк номидан қўнғироқ қилган шахсларга ишонишдан олдин расмий рақам орқали маълумотни текширинг;
• телефон ва банк иловаларини доимо янгилаб боринг.
Хулоса ўрнида, кибержиноятларга қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, балки банклар, ташкилотлар ва ҳар бир фуқаронинг ҳам масъулиятидир. Янги қарор рақамли хавфсизликни мустаҳкамлаш, молиявий фирибгарликларни камайтириш ва аҳолининг интернетдан хавфсиз фойдаланиш маданиятини оширишга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.
Андижон вилоят
маъмурий суди судьяси Р.Хошимхожаев