“Зангори экран орқали эфирга узатилаётган материаллар ичида сизга ёқмайдигани қайси?”, дея атрофдагиларга юзлансангиз. Уларнинг кўп қисми ҳеч иккиланмай “реклама” деб жавоб қайтариши тайин. Чиндан ҳам бугунги кунда юртимиз телеканалларининг турли хил дастурлари орасида бериб борилаётган рекламалар давомийлиги беш-ўн дақиқадан ҳам чўзилиб бораётгандек, назаримизда. Шу ўринда, Ўзбекистон ва Тожикистонда хизмат кўрсатган артист, сўз устаси марҳум Ҳожибой Тожибойевнинг: “…телевизорда мазза қилиб реклама томоша қилиб ўтирсанг, орасига кино қўйворадимийей…” дея айтган сатирик мисралари ёдимизга тушади.

Лекин, танганинг икки тарафи бўлгани каби, биз фикр юритаётган мавзунинг ҳам бошқа тарафи мавжуд. Кўпчиликка ёқмайдиган рекламалар ўз навбатида, телеканалларнинг бепул ва сифатли бўлишини таъминлайди. Бу эса телетомошабинлар эътиборига янгидан-янги теледастурларни ҳавола этишга имкон яратади. Бир сўз билан айтганда, реклама – даромад манбаи ҳисобланади. Рекламалар давомийлиги қанча узун бўлмасин, ҳақиқий мухлис уни сабр билан томоша қила олади. Бироқ, оила даврасида кўриб бўлмайдиган рекламаларга қачонгача тоқат қилиш мумкин?! Минг афсуски, бундай рекламаларнинг сони кун сайин ортса ортяптики, асло камайгани йўқ.

Ҳозир биз мана шундай рекламаларнинг бир нечтасини келтириб ўтамиз. Мисолларни инсон жиғига тегадиганларидан то жамиятимиз эртасига жиддий хавф соладиганларига қадар давом эттирамиз.

“Orbit” сақичи рекламаси. Реклама давомида, йигит қаршисидаги қизни ўзига ром этиш мақсадида, “Orbit” сақичини чайнайди ва зум ўтмай унинг ортидан товус патлари пайдо бўлади. Бу ҳам етмагандай, йигит қизни ўзига қаратиш мобайнида йигитларга ҳос бўлмаган қилиқлардан фойдаланади.

“Palmolive” совуни рекламаси. Реклама давомида, компютер қаршисидаги ҳориққан аёл ўрнидан туриб, ювиниш хонасига киради. Aёл ювиниб бўлгач, дўстлари ҳамроҳлигида автомашинада сайр қилади. Рекламада гарчи эфирга узатиш учун номақбул бўлган кадрлар бўлмаса ҳам, томошабин ақлида буни гавдалантиради.

“Relif” дори воситаси рекламаси. Гемарой касаллигини бартараф этишда қўлланиладиган восита тарғиб этилган мазкур реклама давомида, аёл ҳожатхонадан тушкун кайфиятда чиқади. Унинг юз ифодасидан касаллик уни безовта қилаётгани сезилиб туради. Аёлнинг ойнадаги акси унга “Relif” дори воситасини тавсия қилади ва орадан саноқли сониялар ўтгач аёл аъло кайфиятда ҳожатхонани тарк этади. Бу орада томашабинлар эътиборига мазкур дори воситасидан қандай фойдаланиш кераклиги тўғрисидаги “мастер класс” ҳавола этилади. Фаросатсизликнинг энг юқори нуқтаси шу бўлса керак, ўйлашимизча.   

“Kotex Ultra 2020” қистирмалари рекламаси. Реклама давомида, аёллар кундалик ҳаётида (узрли сабабларда) фойдаланадиган ҳимоя воситалари тарғиб қилинади. Ушбу маҳсулот рекламаси ҳақида шуни айта оламизки, унинг ўрни телеканаллар эфирида эмас.

“Prostaphytol” таблеткаси рекламаси. Реклама давомида, эркаклар простатаси билан боғлиқ бўлган касалликни даволашда қўлланиладиган таблетка ҳақида сўз боради. Хаттоки, таблеткадан фойдаланган эркаклар бовул қилишдаги қийинчиликлар, турмуш ўртоғи билан жинсий муносабатларни ёмонлашиши, ўзига бўлган ишончни йўқолиши ва бошқа муаммолари ҳамда таблеткани қабул қилгандан сўнг вазият яхшиланганлиги ҳақида очиқ ойдин ҳикоя қилишади.

 “Escapel” таблеткаси рекламаси. Реклама давомида, ҳомиладорликни олдини олиш мақсадида ўзаро яқинликдан кейинги 72 соат мобайнида фойдаланиладиган дори воситаси тарғиб этилади. Мутахассисларга кўра, бу перепарат турмуш қурган оилалар учун тавсия этилади. Aммо бу рекламани оммавий тарғиб этиш орқали, баъзи бир нопок йўлга кириб қолган ёшлар учун “чиқиш йўли”ни ўзимиз кўрсатиб қўймаяпмизмикин?!.

Юқорида номи келтириб ўтилган рекламаларга кўзингиз тушганлиги аниқ. Балки, сизнинг телевизор қаршисида ўткизиш учун ортиқча вақтингиз йўқдир. Балки, орамиздаги баъзилар ушбу рекламалар қўйилганида телевизорни бошқа каналга олавериб чарчаган, яна баъзилар эса, уларни оила даврасида қайта-қайта кўравериб, мослашиб ҳам қолгандир. Яна ким билади дейсиз, ҳар бир хонадонда муҳитлар турлича…

Тасаввур қилиб кўринг, оқшом пайти оила аъзоларингиз билан биргаликда бирон-бир кўнгил очар дастурни томоша қилиб ўтирибсиз, навбат қисқа рекламага келди ва юқорида санаб ўтганларимиздан бири эфирга узатилди. Бўйига етган ўғил-қизингиз билан биргаликда буларни томоша қилиш ёки аксинча, фарзандларингиз сиз билан биргаликда буларни кўриши… Жуда ҳам ноқулай ва ҳижолатли ҳолат, тўғри эмасми?!

Бизнинг мавзуга доир фикрларимиз пашшадан фил ясашдай туйилар сизнингча. Балки, “Оилада, йиллар давомида берилган тарбияни бор йўғи саноқли сониялардан иборат бўлган рекламалар бузолмайди”, дерсиз. Aммо, сиз телевидениянинг инсон онгига таъсир этувчи қудратли кучи мавжуд эканлиги ҳақида билмайсиз ёки буни англашга дунё қарашингиз торлик қилади. Ўзи шундоқ ҳам телеканалларда эфир юзини кўраётган турк сериалларининг елкаси ёпиқ бўлса, бели очиқ, бели ёпиб бўлса, сони очиқ бўлган, сўнгги урфдаги либослар билан ёпинган актрисалари томонидан ижро этилаётган, қоғозга ўраб айтганда, ўзбек менталитетига зид бўлган кадрлари етарлича инсонни хуноб қилмоқда. Бундай нарсалар жамият марказига қўйилган соатли бомба билан баробардир. Унутмайликки, қачондир у портлайди. Тушунарли бўлиши учун, мазкур ҳолатни ривожланиш даври яширин кечувчи касалликка қиёслаш ҳам мумкин. Жамиятимиздаги мазкур касалликни вақтида бартараф этишимиз зарур. Кечикиб қўйилган ташхис ўта оғир оқибатларга сабабчи бўлиши муқаррар.

“Бу каби рекламалар, телеканаллар орқали кўрсатилмаса, инсонлар улар ҳақида қандай хабар топади?”, дея айтишингиз мумкин, албатта. Ўринли савол. Aтрофга қаранг, биз бугун интернет асрида яшаяпмиз. Мобил телефонингизни олиб, ҳар қандай маълумотни изласангиз, саноқли сонияларда топасиз. “Orbit” сақичи рекламасидаги “қаҳрамон” йигитга (ижтимоий тармоқларда бу кабилар қалашиб ётибди) ўхшаганлардан тортиб, то эркаклар ва аёллар кундалик ҳаётида зарур бўлган барча маълумотларгача хизматингизга мунтазир. Турли касалликлардан азият чекаётганлар учун эса, тиббиёт мутахассислари томонидан очилган каналлар бисёр. Таъкидлаб ўтилган маҳсулотлар рекламаларини оммавий тарғиб этиш ортидан, ёшларни “бетини қотириш” шарт эмас.

Юқоридаги танқидий фикрларимиз билан биз асло юртимизда фаолият олиб бораётган телеканалларни қораламоқчи эмасмиз. Aксинча, телеканаллар ходимлари эфирга узатилаётган реклама материалларининг сифати ҳамда менталитетимизга қанчалик муносиб эканлигини инобатга олишса, нур устига аъло нур бўларди, назарамизда. Мана, мисол учун “Magne B6 forte” таблеткаси рекламасини олайлик. Биламизки, қиш фаслида ёш болалар билан ташқарига чиқишдан аввал уларни кийинтириш, ҳар бир она учун бир мунча мушкул вазифа. Ўз навбатида, асабий ҳолатлардан бири ҳамдир. Реклама давомида, она қизига ташқарига чиқишдан аввал кийинтириш жараёнида “ҳожатхонага кирмайсанми”, деб сўрайди, қизча “йўқ”, дея жавоб беради. Она ҳар бир либосни кийдириш давомида яна ўша савол билан қизалоққа қайта-қайта юзланади. Қизча, ҳар гал жавоби ўзгармаганлигини айтади. Сўнгра, Она қизалоқни кийинтириб бўлиб, ташқари эшикни қулфлаётган пайтда, қизалоқ ҳожатхонага киришни ҳоҳлаётганини айтади. Бу вазият аёллар кундалик ҳаётида учраб турувчи энг асабий ҳолатлардан бири бўлишига қарамай, аёл “Magne B6 forte” истеъмол қилаётгани сабабли асабийлашмайди. Мана бунга маҳсулотни профессионаллик билан тарғиб қилиш десак, асло муболаға бўлмайди, бизнингча. Мазкур реклама тарғиб этаётган маҳсулотини ажойиб тарзда таърифлаш билан биргаликда, беихтиёр томошабиннинг ҳам юзига табассум югуришига сабабчи бўлибгина қолмай, бизнинг баъзи бир жаҳлдор оналаримизга ҳам муносиб ўрнак бўла олади. Бу каби рекламалар давомли қўйилса ҳам, экран қаршисидаги томошабиннинг зерикмаслик эҳтимоли юқори бўлар, балки.

Фикримизни якунлар эканмиз, бугунги кундаги мўмай даромадни кўзлаб, эфирга узатилаётган материаллар сифатини назардан четда қолдирган ҳолда, келгусидаги жамиятимиз таназзулига беэътибор бўлаётган айрим соҳа раҳбарларини огоҳликка чақирамиз. Хулоса ўрнида, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Aзим ижодига юзлансак: “Ҳамма гуноҳ қилди – кўрдим мен, Ҳамма гуноҳ қилди – жим турдим…”. Aзизлар, атрофимиздаги ҳодисаларга нисбатан бепарво бўлмайлик. Зеро, сукут ҳам гуноҳ билан баробардир.

Шоҳрух РAҲИМОВ.

Jurnalist24.uz Мухбири

от Admin