14 февраль — улуғ ўзбек шоири, мутафаккир, тарихчи ва давлат арбоби, марказлашган давлат — бобурийлар салтанати асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун (1483-1530).
* * *
Менинг кўнглумки, гулнинг ғунчасидек таҳ-батаҳ қондур,
Агар юз минг баҳор ўлса, очилмоғи не имкондур.
Агар ул қоши ёсиз боғ гаштин орзу қилсам,
Кўзумга ўқдурур сарву кўнгулга ғунча пайкондур.
Баҳору боғ сайрин не қилайким, дилситонимнинг
Юзи – гул, зулфи – сунбул, қомати сарви хиромондур.
Висоли лаззатидин руҳ топмоғлиқ эрур душвор,
Фироқи шиддатида йўқса жон бермаклик осондур.
Бошидин эврулур армони бирла ўлдум, эй Бобур,
Менинг наъшимни бори ул пари кўйидин айлондур.
* * *
Баҳор айёмидур, доғи йигитликнинг авонидур,
Кетур, соқий, шароби нобким, ишрат замонидур.
Гаҳи саҳро узори лола шаклидин эрур гулгун,
Гаҳи саҳни чаман гул чеҳрасидин арғувонидур.
Яна саҳни чаман бўлди мунаққаш ранга гуллардин,
Магарким сунънинг наққошиға ранг имтиҳонидур.
Юзунг, эй сарв, жоним гулшанининг тоза гулзори,
Қадинг, эй гул, ҳаётим боғининг сарви равонидур.
Не ерда бўлсанг, эй гул, андадур чун жони Бобурнинг,
Ғарибингға тараҳҳум айлагилким, андижонидур.
* * *
Не хуш бўлғайки, бир кун уйқулуқ бахтимни уйғотсам,
Кечалар тори мўйидек белига чирмашиб ётсам.
Гаҳи гулдек юзини ул шакар сўзлукнинг исласам,
Гаҳи шаккар киби ул юзи гулнинг лаълидин тотсам.
Қани Ширин била Лайлики, сендин ноз ўрганса?
Қани Фарҳоду Мажнунким, аларға ишқ ўргатсам?!
Ёруқ кундуз, қоронғу кечада анжум киби бўлғай,
Чекиб гар оҳ дудини, кўнгул ўтини тутратсам.
Кўзум равшанлиғида бўлғай, эй Бобур, басе камлиғ,
Агар қоши била юзин ҳилолу кунга ўхшатсам.
* * *
Хатинг аро узоринг сабза ичинда лола,
Ул чашми пурхуморинг лоладағи ғазола.
Барча парилар, эй жон, гирдингда зору ҳайрон,
Гўё эрур намоён ой теграсида ҳола.
Меҳру вафони, эй ёр, кўп кўрди сендин ағёр,
Жавру жафони бисёр қилдинг манга ҳавола.
Ҳажрингда, эй парирў, кўзумдин учти уйқу,
Ҳ.ар кеча тонгға тегру ишимдур оҳу нола.
Юз сафҳасинда хатлар ёшдинки, ҳар тараф бор
Ишқингда Бобур айлар бу навъ юз рисола.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур