2022-2026 йилларга мўлжалланган “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”нинг 2022 йил – “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла” йилига бағишланган давлат дастурида кўрсатиб ўтилган “Янги Ўзбекистон — маърифатли жамият!” шиори остидаги “Маънавият фестивали”ни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, вилоят Касаба уюшмаси Маданият спорт ва туризм бирлашган Қўмитаси, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси, вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, туман ҳокимлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан Наманган вилояти Чортоқ тумани Пешқўрғон қишлоғида 2022 йил 23 май куни “Мозийга қайтиб…”, “Буюк тарихимиз ва улуғ аждодларимизга муносиб бўлайлик!” ҳамда “Пешқўрғон адабий муҳити” шиори остида маънавий-маърифий, маданий тадбир ташкил этилди.
Чортоқ туманидаги 22-сонли умумий ўрта таълим мактабида бошланган ушбу тадбирда Пешқўрғон қишлоғи аҳолиси, қатағон қурбонларининг авлодлари, олимлар, ижодкор-зиёлилар, маънавият тарғиботчилари, “Маърифат” тарғиботчилари жамияти аъзолари ҳамда ёшлар иштирок этишди.
Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. Шундан сўнг, меҳмонлар мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари томонидан тайёрланган турли хил кўргазмали чиқишлардан баҳраманд бўлишди.
Тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари М.Аппаков очиб бериб, ўтган асрда Чортоқ тумани Пешқўрғон қишлоғида кўплаб истиқлол қаҳрамонлари яшагани, ушбу ҳудуд аҳолиси ўртасида илм-фан ўз даврида етук даражага чиққани, бу ҳақида шоҳ З.М.Бобур ҳам ўз асарларида баён этганлиги, шунингдек, бугунги кунда ушбу қишлоқ аҳолисини илмга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилаётганлиги бўйича гапириб ўтди.
Шундан сўнг, тадбирда бир қатор маърузачилар Наманган давлат университети ўқитувчиси, тарих фанлари номзоди А.Исоқбоев “З.М.Бобурнинг “Бобурнома” асарида баён этилган Пешқўрғон тарихи” мавзусида, вилоят Нуронийлар кенгаши раиси, Эл-юрт ордени соҳиби, Сенатор И.Нажмиддинов “Балиқли кўл ёхуд Султон Ҳазрати Увайс Қароний зиёратгоҳи” мавзусида, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, адабиётшунос М.Маматвалиев “Пешқўрғон адабий муҳити: кеча ва бугун” мавзусида, Турон фанлар академиясининг академиги Р.Эгамбердиев “Пешқўрғон дарғалари” мавзусида, вилоят Касаба уюшмаси, Маданият, спорт ва туризм бирлашган Қўмитаси раиси И.Солиев “Пешқўрғоннинг тарихи, истиқлол курашчилари” мавзусида тарихий манбаларда берилган фактлар асосида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
Тадбир давомида бир гуруҳ маданият ва санъат ходимлари ҳамда шоир ва ёзувчилар томонидан шеърият ва ғазалхонлик, мақом ва баҳшичилик кечалари ташкил этилди. Шунингдек, тадбирда мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларининг мавзуга оид турли тарихий чиқишлари вилоятимизнинг турли чекка ҳудудларидан ҳамда Қашқадарё вилоятидан ташриф буюрган меҳмонларда катта таасурот қолдирди.
Тадбирнинг иккинчи қисми Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қароний зиёратгоҳида давом эттирилди. Ушбу жойда туман ҳокимлиги ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда аждодлар руҳини эъзозлаш мақсадида эҳсон ташкил этилди. Ташриф буюрган меҳмонларга аввало зиёратгоҳ бўйича маълумотлар берилди. Сўнг барча иштирокчилар ушбу жойда ташкил этилган тушликка таклиф этилди.
Тадбир якунида меҳмонларга ҳамда Пешқўрғон қишлоғидаги қатағон қурбонларининг авлодлари ва бир гуруҳ фаолларга ҳамкор ташкилотлар томонидан тайёрланган эсдалик совғалари топширилди.