Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-бўлимида Ўзбекистон Республикасининг МАЪМУРИЙ-ҲУДУДИЙ ВА ДАВЛАТ ТУЗИЛИШИ тўғрисида тегишли нормалар бериб ўтилган. Ушбу бўлимнинг 16-боби (Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши)нинг 68-моддасида «Ўзбекистон Республикаси вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасидан иборатʼʼ деб таъкидлаб ўтилган.
Ушбу жараённи таҳлил қиладиган бўлсак, Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 14 апрелдаги 758-1- сонли «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисидаги» Қонуниннинг 5-моддасида «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амалга оширилади. Шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар ва маҳаллалар фуқаролар ўзини ўзи бошқаришининг ҳудудий бирликларидир. Шаҳарчалар, қишлоқлар, овулларни тузиш, тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини ўзгартириш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш фуқаролар ўзини ўзи бошқаришининг тегишли органлари фикрини ҳисобга олган ҳолда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади» — деб, таъкидлаб ўтилган.
Шунингдек, ушбу Қонуннинг 2013 йил 23 апрелдаги 350-сонли янги таҳрирининг 6-моддасига мувофиқ Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амалга оширилади. Шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар ўзини ўзи бошқаришининг ҳудудий бирликлари ҳисобланади. Назария қоидаларига мурожаат қиладиган бўлсак, «маъмурий» сўзи лотинчадан олинган бўлиб, «Администрация» яъни бошқарув деган маънони англатади.
Юқорида таъкидлаб ўтилган Қонунларнинг ҳаммасида қишлоқ сўзи билан бошқарув органи сифатида маҳаллалар ҳам бирга келган. Ваҳоланки, бугунги кунда юртимизда қишлоқ деб аталмиш бошқарув органи мавжуд эмас. Лекин, Конституциямизнинг 68-моддасида хали ҳам маъмурий бошқарув органи сифатида қишлоқ сўзи учрайди ва маҳалла сўзи учрамайди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, ушбу моддадаги «қишлоқ» сўзини «маҳалла» сўзи билан алмаштиришни таклиф қиламан.
Қувончбек Муҳаммаджонов,
НамДУ Юридик факультетининг 2-босқич талабаси.