Мамлакатимизда сўнги йилларга маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, фуқаролар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган самарали механизмни жорий қилиш долзарб вазифа сифатида белгиланган. Маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида” ги қонуни 2018 йилда қабул қилиниб, мазкур қонун билан маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатлар тартибга солиниб келинмоқда. Ушбу қонун маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда аҳамиятли саналади. Бироқ, ҳозирда ушбу қонунни такомиллаштириш, айрим нормаларига ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритишни тақозо этмоқда. Шу сабабли янги “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида” ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Янги қонун лойиҳасида қонуннинг мақсади маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг лозим тарзда ҳуқуқий ҳимояланганлигини таъминлашдан иборат эканлиги белгиланди. Шунингдек, қонуннинг қўлланилиш соҳаси кенгайтирилиб, маъмурий органларнинг маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан лицензиялаш, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш, солиқ, божхона, давлат назорати ва текшируви тартиб-таомилларига, фуқароларнинг пенсия таъминоти ва давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомилларига, давлат хизматига қабул қилиш, ундан бўшатиш ва лавозимга кўтарилиш (лавозимдан тушириш) тартиб-таомилларга, шаҳарсозлик режалаштириш тартиботлари, ер участкаларини ажратиш ва олиб қўйиш, шунингдек қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига нисбатан татбиқ этилиши белгиланди. Ҳозирда амалдаги Қонунда маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек қонунчиликка мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилади. Янги қонун лойиҳасида маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий принциплари ҳам кенгайтирилиб, ўзбошимчаликни тақиқлаш; ҳуқуқнинг суиистеъмол қилинишини тақиқлаш; ҳуқуқини қўллаш рад этилишига йўл қўймаслик каби принциплар киритилмоқда. Лойиҳада маъмурий иш юритишда идоралараро ўзаро ҳамкорлик тартиб-таомиллари ўрнига маъмурий кўмаклашиш тартиб таомиллари қўлланилиши назарда тутилмоқда. Бунда маъмурий органлар маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда ўз ваколатлари доирасида бир-бирига маъмурий кўмаклашишлари лозим эканлиги, маъмурий кўмаклашиш маъмурий органнинг кўмаклашиш тўғрисидаги сўрови асосида амалга оширилиши ҳамда муддатлари, кўмаклашишни рад этиш асослари ва бошқа тартиб таомиллари белгиланмоқда. Лойиҳа билан Қонунга янги бир қатор тушунчалар хусусан, тегишли тарздаги маъмурий тартиб-таомил, умумий вакил, дастлабки маъмурий ҳужжат, маъмурий ҳужжатнинг ҳақиқийлиги, оммавий реестр тушунчалари киритилмоқда. Амалдаги қонунда маъмурий иш маъмурий органнинг мажлисида кўриб чиқилиши юзасидан аниқ тўхтам мавжуд эмас эди. Қонун талабига кўра, маъмурий иш маъмурий органнинг мажлисида кўриб чиқилиши қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, маъмурий органнинг ташаббуси билан ёки манфаатдор шахснинг илтимосномасига кўра мажлисда кўриб чиқилиши мумкинлиги белгиланган. Лойиҳада қандай ҳолларда маъмурий иш маъмурий органнинг мажлисида кўриб чиқилиши белгиланган бўлиб, жумладан: маъмурий иш юритиш оммавий тусга эга бўлганда; маъмурий иш юритиш натижасида ер участкасига бўлган ҳуқуқни, шунингдек бошқа кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини тугатадиган ёки чеклайдиган маъмурий ҳужжат қабул қилиниши мумкин бўлганда; манфаатдор шахснинг ҳуқуқий мақомига бошқача тарзда жиддий аралашилганда, бундан мажлисни ўтказишга шошилинч чоралар қабул қилиниши зарурати тўсқинлик қиладиган ёки маъмурий ишни объектив сабабларга кўра мажлисда кўриб чиқишнинг имкони бўлмаган ҳоллар мустасно; маъмурий ҳужжатни манфаатдор шахснинг зарарига бекор қилиш, маъмурий шикоят кўриб чиқиладиган ҳолларда; қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда. Лойиҳада ишончни ҳимоя қилиш тушунчаси кенгроқ ёритилган бўлиб, қонуний кучга кирган маъмурий ҳужжат манфаатдор шахснинг зарарига бекор қилинганда маъмурий орган манфаатдор шахснинг ишончини ҳимоя қилиш кераклигини аниқлаши кераклиги, агар манфаатдор шахс маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониб, маъмурий ҳужжат асосида олинган мол-мулкдан фойдаланган, ўз мулкини тасарруф этиш учун битим тузган, харажатларни амалга оширган ёки маъмурий ҳужжатда белгиланган наф ва имтиёзлардан бошқача тарзда фойдаланган бўлса, унинг ишончи ҳимоя қилиниши лозимлиги, агар манфаатдор шахснинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим бўлса, маъмурий ҳужжат бекор қилиниши мумкин эмаслиги белгиланган. Шу билан бирга, ишончни ҳимоя қилинмайди ҳолатлар ва манфаатдор шахсга маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига бўлган ишонч туфайли юзага келган ёки муқаррар бўлган ҳақиқий зарарларни ундириш тартиблари белгиланган. Хусусан, манфаатдор шахснинг ишончи қуйидаги ҳолларда ҳимоя қилинмайди, агар: — манфаатдор шахс маъмурий ҳужжат билан боғлиқ бўлган қўшимча мажбуриятларини бажармаган бўлса; — манфаатдор шахс ўзига маъмурий ҳужжат асосида тақдим этилган пул маблағларидан, буюмдан ёки ҳуқуқдан мақсадли фойдаланмаган бўлса; — манфаатдор шахс маъмурий ҳужжатнинг ғайриқонунийлигини билган ёки ўз айбига кўра бу ҳақда билмаган бўлса; маъмурий ҳужжат алдаш, таҳдидлар ёки маъмурий органга бошқача тарзда ғайриҳуқуқий таъсир кўрсатиш оқибатида қабул қилинган бўлса; — қонун манфаатдор шахслар ишончининг ҳимоясини ҳисобга олмаган ҳолда маъмурий ҳужжатни бекор қилишни талаб этса. Ишончни ҳимоя қилишдан қатъий назар, ноқонуний маъмурий ҳужжат, агар унинг сақлаб қолиниши жамоат манфаатларига таҳдид солаётган ёки бошқа манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини номутаносиб камситаётган бўлса, манфаатдор шахс зарарига бекор қилиниши мумкин. Қонунда жамоат манфаатларни, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида маъмурий ҳужжатни ишончни ҳимоя қилишдан қатъий назар манфаатдор шахснинг зарарига бекор қилишнинг бошқа ҳоллари ҳам назарда тутилиши мумкин. Маъмурий ҳужжат ишончни ҳимоя қилишдан қатъий назар бекор қилинганда манфаатдор шахсга маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига бўлган ишонч туфайли юзага келган ёки муқаррар бўлган ҳақиқий зарар қоплаб берилади. Ҳақиқий зарарнинг ўрнини қоплаш маъмурий ҳужжатнинг мазмунига кўра манфаатдор шахс олиши керак бўлган наф миқдоридан ошмаслиги керак. Мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаб манфаатдор шахс маъмурий ҳужжат бекор қилинганлиги ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган пайтдан эътиборан бир йил ичида тақдим этилиши мумкин. Ушбу муддат мулкдорнинг ёки бошқа эгалик қилувчининг ўз ҳуқуқини бузишларни бартараф этиш ҳақидаги талабларига нисбатан татбиқ этилмайди. Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига олиб келадиган маъмурий ҳужжат қабул қилинган тақдирда, мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши муносабати билан манфаатдор шахсга етказилган зарар ушбу маъмурий ҳужжат қабул қилингунга қадар ёки у ижро этилгунга қадар қопланади. “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида” ги қонуни лойиҳаси ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин. Маъмурий органлар билан муносабатларда тартиб таомилларини белгилаб берувчи мукаммал қонун қабул қилиниши мазкур соҳада қонун устуворлигини таъминлашда аҳамиятли ҳисобланади.
Наманган вилоят маъмурий судининг раиси Зарипахон Курбонова