Бугун мамлакатимизда банк ва молия тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалиётга жорий этилиб, фаолият янги тажрибалар асосида бойиб бормокда. Банк ва мижоз ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилиб, замон талаби асосида иш юритиляпти. Бироқ, соҳа билан боғлиқ молиявий жиноятлар ортгани хизматлар бозоридаги ишларни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шу жиҳатдан, Наманган вилояти суди томонидан вилоятдаги банк муассасаларида турли тадбирлар ташкил этилиб, уларда банк соҳаси билан боғлиқ жиноят ишлари муҳокамаси ўтказилмоқда.
Марказий банкнинг Наманган вилояти бошқармаси, “Агробанк”, “Микрокредитбанк”нинг Наманган филиалларида бўлиб ўтган ана шундай учрашув-мулоқотларда Наманган вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари иштирок этиб, молия институтларининг ҳуқуқшунос ва кредит билан боғлиқ амалиётда иштирок этувчи мутахасисларига банк соҳаси билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича айблов ҳукми чиқарилган ҳолатлар юзасидан батафсил тушунча бердилар.
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 9 ойи давомида айни шу йўналишда 372 нафар шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилиб, 160 тасида айблов эълон қилинган. Содир этилган жиноятлар оқибатида 101 миллиард 233 миллион сўм миқдоридаги зарар етказилган бўлиб, тергов ва суд даврида 49 миллиард 881 минг сўм маблағ қопланган ва қолгани суд қарори билан ундирилиши кўрсатилган.
Тадбирда мутахасислар томонидан айни жиҳатлар атрофлича таҳлил этилди.
Шунингдек, айрим ҳолларда банк ходимлари томонидан фирибгарлик, коррупцион жиноятлар ҳам кузатилаётгани таъкидланди. Хусусан, таҳлилларги кўра, мазкур даврда 43 нафар банк ходими томонидан банк соҳаси билан боғлиқ коррупцион жиноятлар содир этилгани аниқланган.
Тадбирда банк ҳуқуқшуносларининг бу борада юзага келаётган муаммолар ва уларнинг олдини олишда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақидаги саволларига судьялар томонидан жавоб қайтарилди.
Шуҳратжон Қурбонов,
Давлатмирза Комилов,
Наманган вилояти судининг судьялари