Ўзбекистонда 200 га яқин мактаб ерларининг бир қисми ноқонуний «сотиб юборилган». Депутат Расул Кушербаев синфлар етишмаётган бир пайтда буни «келажакка хиёнат» деб атади. Унинг фикрича, мактаб ерларини ҳокимлар талон-торож қилган, аммо «ноқонуний топшириқни бажарган қўрқоқ ходимлар» жазоланади.
2018 йилдан буён Ўзбекистонда 198 та мактаб ҳудудидаги қарийб 70 гектар ер ноқонуний равишда «сотилган». Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги маълумотларига таянган ҳолда Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеПдан фракцияси аъзоси Расул Кушербаев маълум қилди (маълумотлар «Газета.uz»да ҳам мавжуд).
Президентнинг 2018 йил 5 сентябрдаги (ПҚ-3931-сон) қарори билан умумтаълим ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг ер участкалари ҳамда кўчмас мулкларини Халқ таълими вазирининг розилигисиз ўзлаштириш тақиқланган, президент ҳужжатларида белгиланган бошқа тартиблар бундан мустасно.
«Ҳокимларимиз бунга зид равишда мактаб ерларини бошқаларга бериб юбориш ҳолатлари кўп экан. Оддий айтганда, мактаб ерлари „сотилган“», — дея қайд этди парламентарий.
Унинг сўзларига кўра, барча ҳолатларнинг қарийб учдан бир қисми Андижон вилоятида қайд этилган бўлиб, у ерда 61 та мактаб 24,8 гектар майдонни йўқотган. Иккинчи ўринда Қашқадарё вилояти — 26 мактаб ва 7,75 гектар, учинчи ўринни Наманган вилояти — 20 мактаб ва 5,52 гектар.
Сирдарё вилоятида 15 та мактабнинг 0,38 гектар, Фарғона вилоятида 14 та мактабнинг 1,86 гектар, Сурхондарё вилоятида 11 мактабнинг 4,05 гектар, Тошкент вилоятида 11 та мактабнинг 0,17 гектар, Самарқанд вилоятида 10 та мактабнинг 7,57 гектар, Бухоро вилоятида 10 та мактабнинг3,25 гектар, Қорақалпоғистонда 7 мактабнинг 7,05 гектар, Навоий вилоятида 6 та мактабнинг 3,81 гектар, Жиззах вилоятида 4 та мактабнинг 3,21 гектар ва Тошкентда 3 та мактабнинг 0,2 гектар майдони ноқонуний равишда ўзлаштириб юборилган.
Биргина Хоразм вилоятида бундай ҳолат кузатилмаган. Депутатнинг фикрича, Хоразмда бундай ишлар президент қарори чиққунча бўлган бўлиши мумкин.
«Ўқувчиларга синфхоналар етишмай, мактабларга қўшимча бино қуришга ер муаммо бўлиб турган бир вақтда мактаб ерлари талон-тарож қилинаётганини келажакка ҳиёнат, дейиш мумкин. Фарқи шундаки, бунда мактаб ерларини талон-тарож қилган ҳокимлар эмас, ноқонуний топшириқни бажарган қўрқоқ ва журъатсиз ходимлар жазоланади», — дея қайд этди депутат.
2021 йил май ойида «Газета.uz» Андижонда ернинг ноқонуний ўзлаштирилишига қарши чиққан депутат Шуҳратбек Каримовнинг депутатлик дахлсизлигидан маҳрум этилгани ҳақида хабар берган эди. Жумладан, у 19-сонли мактаб спорт майдончаси ўрнида барпо этилаётган кўп қаватли уй-жой қурилишини бекор қилишга эришди.
Ўшанда у собиқ ҳоким Баҳромжон Ҳайдаровга сўров йўллаб, президентнинг юқоридаги фармони бузилганини кўрсатиб берган эди. Мактаб маъмурияти ва ота-оналар 570 ўринга мўлжалланган таълим даргоҳида 1300 бола таҳсил олаётгани сабабли мактаб учун қўшимча бино қуришни сўрашган.
Ўша ойда Ўзбекистонда ўқувчилар сони (6,24 млн) мактабларнинг лойиҳавий қувватидан (5,06 млн) анча ошиб кетганини ёзган эдик. Агар шундай давом этса, бу фарқ 2 млнга етиши мумкин, деган эди собиқ халқ таълими вазири Шерзод Шерматов. Синф хоналарининг тўлиб-тошгани ва икки сменада ишлаётганини аҳоли сонининг кўпайиши, мактабларнинг 9 йиллик таълимга ўтказилиши (ҳозирда мактабларда 11 йиллик таълим қайтган), мактаб биноларининг бошқа идораларга берилгани билан изоҳлади.